Ички ишлар вазирининг 2026 йил 25 июлдаги 363-сон буйруғи билан ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментига қўриқлаш учун топширилган объектларни муҳандислик ва техник воситалар билан жиҳозлаш талаблари, тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди. Ҳужжат 7 август куни Адлия вазирлигида 3920-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Йўриқномага кўра, объектларни муҳандислик воситалари билан жиҳозлашда тўсиқ, дарвоза, назорат-ўтказиш жойи, сув ва ҳаво қувурлари, ер ости коллекторлари, эшик ва деразалар, вентиляция шахталари, мўрилар, бошқа технологик каналлар ҳамда қулфлаш мосламалари назарда тутилади.

Жумладан, объект тўсиқлари шахслар ва транспорт воситаларининг ҳудудга рухсатсиз киришига тўсқинлик қилиши, шикастланмаган ва қулфланадиган бўлиши керак. Тўсиқнинг баландлиги камида 2 метр бўлиши белгиланган.

Объектнинг асосий кириш эшиги домофон, захира кириш эшиги эса кўриш туйнуги билан жиҳозланиши лозим. Махсус қисм, сервер, архив ва касса хоналари, шунингдек, ертўла ва чордоқ эшиклари қалинлиги камида 2 миллиметр бўлган металл қоплама билан қопланиши белгиланган.

Техник қўриқлаш воситалари таркибига қўриқлаш сигнализацияси ва ташвиш сигнализацияси тизимлари киради. Рухсатсиз кириш эҳтимоли мавжуд бўлган дарвоза, эшик, дераза, йўлак ва хоналар сигнализация билан жиҳозланиши керак. Ҳар бир хонага ҳаракатни аниқловчи ҳамда бошқа тегишли хабаргоҳлар ўрнатилиши назарда тутилган.

Шунингдек, ташвиш сигнализацияси тугмалари ёки педаллари бегона шахслар кўрмайдиган жойларга, жумладан объект раҳбари ва бухгалтер хоналари, товар-моддий бойликлар сақланадиган, ташиладиган ва ортиб-тушириладиган жойлар ҳамда қўриқлаш постларига ўрнатилиши керак.

Объектни қўриқлашга олиш учун жисмоний ёки юридик шахс ҳудудий қўриқлаш хизматига ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади. Ариза келиб тушганидан кейин 15 кун ичида объектнинг ўзига хос хусусиятлари ва унинг белгиланган талабларга мувофиқлиги ўрганилади.

Объект зарур воситалар билан жиҳозланиб бўлгач, ҳудудий қўриқлаш хизмати беш кун ичида унинг талабларга мувофиқлигини текширади. Натижага қараб объектни қўриқлашга олиш ёки бунга рад жавоби бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкин.

Мазкур йўриқнома ўта муҳим, тоифаланган ва давлат аҳамиятига молик айрим объектлар, банклар ва уларнинг филиаллари, таълим ташкилотлари ҳамда Миллий гвардия томонидан қўриқланадиган объектларга татбиқ этилмайди.

https://lex.uz/uz/docs/8384810