Иқтисодиёт | 15:32 / 05.03.2020
41240
2 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири қандай бўлади? Марказий банк изоҳ берди

Жаҳон иқтисодиётида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ бўлган иқтисодий муаммолар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам муайян даражада таъсир кўрсатиши мумкин

Фото: Aly Song/Reuters

Марказий банк маълумотига кўра, бунда таъсир кўлами жаҳон иқтисодиётидаги хатарларнинг давомийлиги билан баҳоланади. 

Истеъмол саватчасида сезиларли улушга эга бўлган Хитойдан импорт қилинадиган айрим товарлар ҳажмининг қисқариши ички бозорда нархларга маълум босимни юзага келтириши мумкин. 

Ички нархлар даражасига “коронавирус” таъсирининг бир марталик қисқа муддатли бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хитойдан импорт қилинадиган товарлар бўйича қопланмаган талаб ички ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ва бошқа давлатлардан янги импорт йўналишларининг йўлга қўйилиши орқали қопланади ва натижада ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлашади. 

Ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабнинг сезиларли ошишига нисбатан таклиф ҳажмининг номувофиқ ўсиши нархларга маълум даражада босим яратади.

Чорвачилик соҳасини тубдан ривожлантириш ва бу учун зарур бўлган озуқа базасини шакллантириш орқали ички бозорни узлуксиз гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш маълум бир вақтни талаб қилади. Шу билан бирга, бошқа давлатлардан (Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон) гўшт импортининг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, гўшт импорти нархининг ошиши ўрта муддатли истиқболда гўшт нархига таъсир кўрсатади.

Таъкидланишича, транспорт инфратузилмасини, бозорларда рақобатни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз газ ва электр энергия билан таъминлаш соҳаларида зарурий таркибий ислоҳотларни амалга ошириш инфляция даражаси барқарор пасайишининг асосий омилларидан ҳисобланади.

Бундан олдин, Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид