2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев АҚШга ташриф буюрганида ушбу мамлакат бизнес доиралари вакиллари билан 4 млрд АҚШ долларидан ортиқ сармоя борасида ҳужжатлар имзоланган эди. Улар орасида энг йирик битим, Канадада асос солинган, лекин акцияларининг катта қисми америкаликларга тегишли SkyPower Global энергетика компанияси билан имзоланганди.

Муқобил қувват манбалари билан ишлайдиган бу халқаро ширкат Шавкат Мирзиёевнинг Америкага сафари олдидан Тошкентда 1,3 миллиард долларлик тўғридан-тўғри сармоя юзасидан келишиб олган эди. Катта шов-шув, ваъдалар ҳамда табиийки, гулдурос қарсаклар остида бошланган ҳамкорлик бугун қай аҳволда? Сармоя киритиш билан боғлиқ жараёнлар қай босқичда?

«Лойиҳалар бошланмай турибди», - дейди SkyPower Global раҳбари Керри Адлер «Америка овози»» билан мулоқотда. Бунинг сабаби, Ўзбекистон Молия вазирлиги компанияга тўлов кафолати бермаганидадир. Ваҳоланки, президент Мирзиёев буни вазирликка 2018 йилда буюрган. Шартномага кўра, SkyPower Global ишлаб чиқарган токнинг киловатти учун «Ўзбекэнерго» 6 цент тўлаши керак бўлади. Агар тўловни амалга оширолмаса, давлат буни қоплаши шарт. Мана шундай кафолат берилмаса, нафақат биз балки ҳеч ким Ўзбекистонда бизнес қилмайди», дейди Адлер.

«Ўзбек ҳукумати, бундай кафолат шу вақтгача нима учун берилмаётганини тушунтиришга шошилмаяпти. «Америка овози» Молия вазирлиги, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мурожаат қилиб, масала юзасидан уларнинг қарашларини сўради. Айни вақтда, унинг жавоби кутилмоқда, дейилади», хабарда.

Тошкентдаги ишончли манбаларга кўра, муаммо ортида бир неча омиллар бор, лекин иккитаси аҳамиятга молик.

Биринчидан, SkyPower Global ишлаб чиқарган токнинг нархи қиммат ва арзонроқ таклифлар бор.

Иккинчидан, бу инвестор сўраётган кафолатларни бериш Ўзбекистон қонунларига зид.

Унда президентнинг бу борадаги қарорига нима бўлади? Балки, расмий Тошкент SkyPower Global билан музокарани қайтадан олиб борар? АҚШ ва Канада расмийлари эса, ўз навбатида, томонларни мулоқотга ва келишиб олишга чақирмоқда. Вашингтон Ўзбекистонни ҳар бир битим ва келишувга биноан қадам ташлашга ундамоқда.

Эндиликда, SkyPower Global раҳбари бутун умидини президент Шавкат Мирзиёевга боғлаган, чунки унинг таъкидлашича, Керри Адлер Ўзбекистонга айнан давлат раҳбарининг таклифи билан борган ва унга ишонгани учун ҳам сармоя киритишга бел боғлаган.