Якунланган ҳафтанинг сўнгги уч куни давомида Суперлига 2-тур баҳслари ўтказилди. Мамлакатимизнинг еттита стадионида кечган учрашувлар якунида Tribuna.uz сайти тур сарҳисобини тақдим этади.

Тур ўйини: «Навбаҳор» - «Локомотив»

1-турда «Пахтакор»га қарши ўйиндаги тортишувли вазиятлардан кейин 2-турдаги «Навбаҳор» - «Локомотив» баҳси тур учрашувига айланиши аниқ эди. Намангандаги очилиш маросимига уланган тўқнашув кутилган шиддат ва айниқса ажойиб футбол атмосферасини тақдим этди. Мухлислар билан тўлиб-тошган аренадаги ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучиб, Наманган аҳлига аламли мағлубиятдан кейин қувонч ҳадя этишди.

Тур қаҳрамони: Драган Черан

Ўтган мавсум Суперлигада энг яхши бўлган «Пахтакор» голеадори Драган Черан тўпурарлик сари юришни иккинчи ўйиндан бошлади. Сербиялик 32 ёшли ҳужумчи «Бухоро»га қарши осон кечмаган баҳсда амалдаги чемпион жамоа жонига оро бўлди. 65 дақиқа давомида бухороликлар дарвозасини ишғол эта олмаган Черан, кейинги 20 дақиқа (65, 81, 85) давомида ҳет-трик қайд этди. Бу эса унинг тур қаҳрамони сифатида эътироф этилишига замин ҳозирлади.

Тур мухлислари: Наманганда яна мавсум рекордими?

Суперлига-2019да мухлислар ташрифи борасида рекорд қайд этилган баҳс Наманганда ўтиб, «Навбаҳор» - «Сўғдиёна» учрашувида 25 727 томошабин ташриф буюрганди. Бу сафар ҳам мавсум рекордини Наманган ўзида сақлаб қолса ажабмас. Зеро, бу йилги очилиш маросимида ҳам «Навбаҳор» - «Локомотив» (2:0) ўйинида 25 328 томошабин ташриф буюрди.

«Марказий» стадиондаги аншлагда наманганлик мухлислар жамоа билан бирга ўйиндан кейин “исландча қарсак”ни исландиялик ишқибозлар ҳам ҳавас қиладиган даражада кўрсата олишди. Бутун ўйингоҳнинг бундай қўллаб-қувватлаши ижтимоий тармоқлар, ОАВда ҳам фақат қарсакларга сабаб бўлди. Шунчаки “супер”.

Тур факти: 5 кун ичида икки клубга раҳбар бўлган Ҳасан Рўзиев

Суперлига 1-тури доирасида 1 март куни ўтказилган «Сурхон» - «Бунёдкор» (1:3) учрашувида Термиз клуби директори сифатида қайдномадан ўрин олган собиқ ҳакам Ҳасан Рўзиев, 5 март куни Навоийнинг «Қизилқум» клуби президенти лавозимида иш бошлади. Қизиғи, 7 март куни «Қизилқум» - «Сурхон» ўйинида янги клубини собиқ жамоасига қарши руҳлантирган Рўзиевнинг раҳбар сифатидаги иккинчи дебюти ҳам омадли чиқмади.