Президент Шавкат Мирзиёев 10 март куни қатор соҳаларда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, Ўзбекистонда ЯИМ ҳажмини 2 баробарга ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда рақамли иқтисодиёт механизмларидан кенг фойдаланиш муҳим ўрин тутади.
Дунё ялпи маҳсулотининг 15,5 фоизгача улушини рақамли иқтисодиёт ташкил этмоқда. Сўнгги 15 йил ичида рақамли иқтисодиёт глобал ялпи маҳсулотга нисбатан 2,5 баробар тез ошган.
«Кейинги йилларда дунёда «рақамли шаҳар» концепцияси оммалашмоқда. Шу тажрибадан келиб чиқиб, «рақамли Тошкент» тизимини жорий этиш, уни 2 йил давомида синовдан ўтказиб, бошқа ҳудудларга эса тайёр дастурий таъминотларни етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Бугунги тақдимотда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
«Тиббиёт муассасалари паспорти», «UzTrans», туристлар ҳисобини юритиш бўйича «Е-Mehmon» ва бошқа ахборот тизимлари юртимиз аҳолиси ҳамда меҳмонларига катта қулайлик яратди.

Президентимиз жорий йилда болалар боғчаси, масофавий таълим, шаҳар жамоат транспортлари учун ягона электрон чипта, қурилишни назорат қилиш, электрон тиббиёт картаси каби янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.
Масалан, электрон тиббиёт картаси жорий этилса, шифокорларнинг қоғоз тўлдиришга кетадиган вақти анча қисқариб, аҳоли билан ишлаши учун кўпроқ имконият бўлади.
Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги 15та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11та кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда 62та поликлиника «Ягона электрон тиббий карта» ва «Электрон поликлиника» ахборот тизимига уланиб, хусусий клиникалар билан интеграция қилинади.
Бундай тизим бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам татбиқ этилади.
Дастурий маҳсулотлар узлуксиз ва самарали ишлаши учун инфратузилма зарурлиги қайд этилар экан, барча давлат муассасаларини юқори тезликда маълумот узатиш тармоғига улаш, замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Аҳоли, айниқса ёшлар орасида рақамли кўникмаларни такомиллаштириш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

















