Шоназарова ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизимидаги бир қатор фарқларни санаб ўтди.
«АҚШда китоб ўқишади»
― Бизнинг таълим тизимимиз билан АҚШ таълим тизимининг фарқи ― у ерда китоб ўқилади. Китобни фақат талаба ўқимайди, профессор ҳам ўқишга мажбур. Ўзининг соҳасида чиқаётган янги китоб ва тадқиқотлардан хабардор бўлиши керак. Билиши ва ўша нарса ҳақида гапира олиши керак.
Бизнинг ўз тизимимиз атрофида, ўз қобиғимизда қолиб кетаётганимизнинг сабаби ҳам шу: биз дунёда бўлаётган янгиликлардан бохабар эмасмиз. Шунинг учун фақат ўзимизда, Ўзбекистон ичида айланаётган эски гапларга нимадир қўшиб, янгидан нималардир қилмоқчи бўламиз. Шуни тўғрилашимиз ҳам керак.
«Плагиат карьерани ўлдиради»
― Ўзимизнинг маҳаллий PhD диссертацияларга тақриз ёзиб беринг, деб жўнатишади. Автореферат учун мендан тақриз сўрашади. Автореферат 60 бетли нарса бўларкан, учта тилда бўлгани учун. Иккита тилни олиб ташласак, 20 бетли нарса. 150 бетли нарсанинг моҳиятини улар 20 бетда ёритиб бера олмайди. Тақриз ҳам 20 бетли нарса бўларкан. Советларда ҳам домласидан бошқа ҳеч ким диссертацияни ўқимас экан.
Нечта диссертациянинг бу ерда ёқланганини кўрдим. Савияси жуда ҳам паст. Совет даврида қолиб кетган нарсаларни, рус тилидагиларни таржима қилиб ёки Туркияда чиққан тадқиқотларни ўзбек тилига ўгириб, умуман йўқ ҳаволаларни бериб, илмий унвон олиняпти.
Америкада эса... Мақтагим келмаяпти, лекин ривожланишнинг сабаби ҳам шунда. У ерда плагиатни дарров билишади. Қаердан олинганини кўрсатувчи тизим бор. Битта гапни ҳам плагиат қилса, «сноска» бермаса, ўша дарсдан автоматик тарзда йиқилади.
Агар талабага шунақа тамға тушса, бўлди, унинг карьераси ҳам ўлади.
Плагиат жуда ҳам ёмон нарса. Бизда эса рефератлар ёзамиз, дейишади. Нима қилади? Ўзимнинг давримда ҳам шунақа эди: википедиядан олиб, кўчириб қўяди. Бу нарсаларни тўғриламасак, бизда ҳеч қандай илм-фан ҳам ривожланмайди, инновациялар ҳам бўлмайди.
«Университетлар профессорга инвестиция киритади»
















