Ҳукумат қарори билан “Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низом давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиаллари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, касбий таълим, олий таълим ташкилотлари қўриқланишини, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, қўриқлашнинг техник воситалари, ёнғин сигнализацияси ва видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш тартиби, қоидалари ва усулларини белгилайди.

Қайд этилишича, ушбу низом талаблари мактабгача таълим муассасаларига ҳамда хавфсизликни таъминлашда алоҳида идоравий стандартлар ва талабларга эга бўлган таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳужжатга мувофиқ, таълим ташкилотлари ўқувчилар ва талабалар сонидан келиб чиққан ҳолда, қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун алоҳида тоифаларга ажратилади.

Мактабларнинг тоифалари қуйидагича белгиланади:

  • биринчи тоифа — ўқувчилари сони 3000 дан кўп бўлган мактаблар;
  • иккинчи тоифа — ўқувчилари сони 1500 тадан 3000 тагача бўлган мактаблар;
  • учинчи тоифа — ўқувчилари сони 300 тадан 1500 тагача бўлган мактаблар;
  • тўртинчи тоифа — ўқувчилари сони 300 тагача бўлган мактаблар.

Олий таълим, касбий ва ўрта махсус таълим ташкилотлари тоифалари эса қуйидагича белгиланади:

  • биринчи тоифа — ўқувчи, талабалари сони 1 000 дан юқори бўлган таълим ташкилотлари ёки алоҳида корпуслар;
  • иккинчи тоифа — ўқувчи, талабалари сони 500 дан 1 000 тагача бўлган таълим ташкилотлари ёки алоҳида корпуслар;
  • учинчи тоифа — ўқувчи, талабалари сони 500 тагача бўлган таълим ташкилотлари ёки алоҳида корпуслар.

Ўқув йили бошланишидан бир ой олдин ФВВ, ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ва тегишли таълим ташкилоти маъмурияти вакиллари иштирокида таълим ташкилотларининг хавфсизлиги ўрганилади ҳамда улар тоифаларга ажратилади.

Таълим ташкилотларида назорат-ўтказиш режимини таъминлаш учун назорат-ўтказиш жойи ташкил этилади. Улар ҳудудига бегона шахслар фақат таълим ташкилоти маъмуриятининг рухсати билан маъмурият вакилларининг кузатуви остида назорат-ўтказиш жойи орқали киради.

Мактабларда дарс вақтида мактаб ҳудуди ичкари томондан осон очилиши таъминланган ҳолда ёпиб қўйилади ва зарурат юзага келмаса, таълим-тарбия жараёни иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг кириши тақиқланади.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўқувчи, талабалар сони 300 тагача бўлган таълим ташкилотларида кириб чиқишнинг турникет тизими жорий қилиниши мумкин.

Таълим ташкилотлари асосий (иккиламчи) биноларининг қўриқлашнинг техник воситалари, ёнғин сигнализацияси, периметр, майдонлар, бино йўлакларидаги видеокузатув воситалари қўриқлаш постидаги кичик сиғимдаги жамлагич ва видеомониторга уланади.