Спорт | 16:55 / 13.03.2020
6224
2 дақиқада ўқилади

Англия Премьер-лигаси ўйинлари ҳам қолдирилди

Англия Премьер-лигаси ўйинлари коронавируснинг тарқалиш хавфи туфайли тўхтатилди.

Фото: Richard Calver/Shutterstock

Ташкилот расмий сайти берган хабарга кўра, Чемпионшип ва қуйи лига ўйинлари ҳам бекор қилинган. Англия чемпионати ўйинлари камида 4 апрелга қадар ўтказилмайди. Ушбу қарор АПЛ раҳбариятининг навбатдан ташқари йиғилишда қабул қилинди.

«Микел Артета, Каллум Хадсон-Одои ва коронавирусдан азият чекаётган бошқаларнинг тезроқ соғайиб кетишларни тилаб қоламиз. Ҳозирги мисли кўрилмаган вазиятда Премьер-лига барча клублар, ҳукумат, Англия футбол ассоциацияси ва Чемпионшип билан доимий алоқада бўлиб турибди. Биз футболчилар, персонал ва мухлисларнинг соғлиғи ҳақида қайғураяпмиз. Премьер-лига эҳтиёр чораси сифатида 4 апрелгача бўлган барча учрашувларни қолдиришга қарор қилди. 4 апрель кунидан чемпионатларни давом эттирамиз деб умид қиламиз. Воқеалар ривожига кўра, яна хабарлар берамиз», - дейилади АПЛ ижрочи директори Ричард Мастерснинг баёнотида.

Олдинроқ Италия, Испания ва Францияда чемпионат ўйинлари камида апрель ойига қадар тўхтатилган, Бундеслига эса кейинги ҳафтадан танаффусга чиқиши маълум қилинганди. 

Бундан ташқари, УЕФА Чемпионлар лигаси ҳамда Европа Лигаси ўйинларини номаълум муддатга қолдирган.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда вирусдан зарарланганлар сони 138 152 нафарни ташкил қилмоқда, қурбонлар сони 5 мингдан ошиб кетди - 5080. 

Мавзуга оид