Коронавирус ҳар мавсум авж оладиган гриппдан нимаси билан фарқ қилади?

Энг аввало, бу бошқа вирус. Грипп вируслари алоҳида катта оиладир. Коронавируслар ҳайвонларда кўпроқ учрайди, аммо одамларга ҳам юқиши мумкин - масалан, коронавирус оддий шамоллашни чақириши мумкин. Бундан ташқари, коронавирусларга қарши ҳеч қачон вакциналар ишлаб чиқарилмаган. Нима учун? Чунки улар илгари одамларда жиддий асоратли касалликларни келтириб чиқармаган ёки уларнинг тарқалиши бунчалик кенг миқёсда эмасди. Гриппга қарши эса вакциналар бор, чунки 1918-1919 йилларда дунё аҳолисининг деярли учдан бир қисми юқтирган "испанка"дан кейин унга жиддий қарала бошланган. Ўшанда Биринчи жаҳон урушидан сўнг одамларда иммунитет пасайиб кетган ва вирусларга қарши ёрдам бермайдиган, аммо ўлимга олиб келадиган асоратларни келтириб чиқариши мумкин бўлган бактерияларни ўлдирадиган антибиотиклар йўқ эди.

Янги коронавирус ўзига хос, чунки 20 йил ичида бу оиладаги вирус одамлар орасида тарқалиб, жиддий касалликка сабаб бўлаётган  учинчи ҳолатдир. Биринчиси 2003 йилда юз берган SARS-CoV ғайриоддий зотилжами эди, иккинчиси - 2006 йилдаги Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS). Одамларга бу касаллик туялардан юққан. Ҳар икки касаллик одамлар орасида коронавирус каби тез тарқалмайди, аммо улардан ўлиш даражаси юқори, масалан, MERS учун бу тахминан 10 фоиз.

Энди эса COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи янги хавфли коронавирус - SARS-CoV-2 пайдо бўлди. Ундан ўлиш даражаси унчалик юқори эмас: 3-4 фоиз атрофида (таққослаш учун, мавсумий гриппда - тахминан 1 фоиз). Аммо у тез тарқалади, чунки бизнинг иммунитетимиз унга қандай қаршилик кўрсатишни "билмайди". Шунинг учун у кенг оммавий эпидемияни келтириб чиқариши билан хавф солмоқда. Ва биз у ҳақда ҳали оз нарса биламиз, чунки унинг одамларда тарқалишини биринчи марта кузатмоқдамиз. Ҳозир бутун дунё олимлари COVID-19 эпидемиясини кузатмоқда ва ўрганмоқда.

Янги коронавирус кўпинча кекса одамларга ҳалокатли таъсир қилиши тўғрими? Агар шундай бўлса, нима учун?

Ҳа, ҳозир дунёда 100 мингдан ортиқ янги коронавирус юқтириш ҳолатлари қайд этилган ва биз одамнинг ёши қанчалик катта бўлса, унинг ўлими хавфи шунчалик юқори эканлигини кўрмоқдамиз. Бу 60-80 ёшдаги аҳолининг улуши юқори бўлган Италияда яққол кўриниб турибди. Бундан ташқари, одамда бошқа жиддий касалликлар, масалан, юрак-қон томир ва қандли диабет касалликлари мавжудлиги ҳам хавфни оширади.