Kun.uz мухбири бу сафар бир нечта депутат, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларнинг мавзуга муносабати билан қизиқди.

Барногул Санақулова: «UzAuto Motors монополист корхона сифатида ўта ёпиқ ва ношаффоф ишлайди»

Фото: Барногул Саноқулованинг Facebook саҳифасидан олинди

Тошкент Молия институти «Солиқ ва солиққа тортиш кафедраси» профессори Барногул Санақулованинг фикрича, нархлар шаклланиши устидан деярли ҳеч қандай назорат ўрнатилмаганини шу кеча кундуздаги воқеалар ҳам кўрсатиб турибди.

«UzAuto Motors 100 фоиз давлатга қарашли корхона бўлса-да, бошқа давлат корхоналари каби давлат харидлари тизимига кирмайди, шунингдек бутловчи қисмлар очиқ тендер савдоларида сотиб олинмайди. Албатта, бу жараён жуда кўп саволларни туғдиради.

Нега бу корхонага нисбатан меъёрий қонунчилик базаси алоҳида ҳолатда татбиқ этилади?

Бундан ташқари, тизимга кирувчи корхоналар ўртасидаги трансфер нархларни шакллантириш тизими ҳам шаффоф эмас. Тизимга кирувчи корхоналар етказиб берувчи бутловчи қисмлар нархларини юқори ташкилот – «Ўзавтосаноат» АЖнинг ўзи белгилаб беради, нарх шакллантиришда очиқ бозор механизми йўлга қўйилмаган, бу ҳолат эса албатта нархларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш имкониятини чеклайди», дейди профессор.

Барногул Саноқулованинг айтишича, дунёда бирорта давлатда битта АЖ давлатдаги автомобиль ишлаб чиқариш тизимини ўзи тўлиқ назорат қилиб, ҳам бу соҳада давлат сиёсатини юритиб, ҳам ўзи шу соҳада бизнес билан шуғулланиб, машина ишлаб чиқариб, сотмайди.

Унга кўра, бундай ўзига хос «уникал» тизимнинг ўзи мавжуд эмас. Шунингдек, бу ҳолат соғлом бозор қонуниятларига ҳам зид ҳисобланади.

«Давлат бош ислоҳотчи сифатида бозордаги барча иштирокчилар амал қилиши лозим бўлган ўйин қоидалари якдиллиги ва умумий ўзгармаслигини белгилаши ҳамда шу қоидаларга ҳамма бир хилда риоя қилишини текшириб, назорат қилиб бориш функциясини бажариши керак.

Албатта, бундай жараёнда нархларнинг баланд бўлиши табиий ҳисобланади. Сабаби, «Ўзавтосаноат» АЖ ўзи машина ишлаб чиқаради. У керак бўлганда ўзи ишлаб чиқарган автомобилларни сотиш учун бозорни ёпа олади, бошқа биронта ишлаб чиқарувчини киритмайди, эркин рақобатни турли йўллар билан чеклайди.