Kun.uz UzAuto Motorsʼнинг автомобиллар нархини ошириши бўйича жамиятдаги турли соҳа вакиллари фикрини ўрганишда давом этади.

Бу гал депутат Расул Кушербаев, ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов ва ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст мавзу юзасидан ўз позицияларини маълум қилишди.

Расул Кушербаев: «18 мингта иш ўрни ва солиқни деб, 34 миллион кишини қийнашяптими?»

Расул Кушербаев 11 март куни «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан ташкил қилинган депутатлар, «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors вакиллари ўртасидаги мулоқотда иштирок этган эди.

«Айни пайтда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчи завод ишламаса, 34 миллионлик Ўзбекистон аҳолиси нимани йўқотади, дея улардан сўрадим. Мутасаддиларнинг аргументига кўра, 18 мингта иш ўрни ва солиқ тушумлари йўқотиларкан.

Очиғи, мен ҳайрон қолдим. Бор йўғи шуми? 18 мингта иш ўрни ва солиқ ҳисобига 34 миллион кишини қийнашяптими?

Яъни, қийнаш деганда, чет элдан икки баробар арзонга автомашина олиб киришнинг иложи бўлса-ю, бунга рухсат берилмаса. Ичкарида эса одамларнинг атайин оширилган нарх билан автомашина олишга мажбурланиши қанчалик тўғри?» – деди Кушербаев.

Депутатнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг 34 миллион аҳолиси қийналиши 18 минг иш ўрни ва давлатга тушаётган 4 триллион сўм бюджет тушумлари ҳисобига бўлиши – адолатсизлик.

«Агар завод шу сабаб билангина ушлаб турилган бўлса, бу жудаям нотўғри иш. Унда бу заводни ё ёпиш керак, ёки хусусий секторга сотиб юбориш керак.

Ўша мулоқотда биз бошқа ечимларни ҳам таклиф қилдик. Масалан, четдан импорт қилиш мумкин бўлган автомобиллардан олинадиган давлат божини 20 фоизгача туширишнинг ўзи давлатга завод келтирадиган фойдани беради. Балки шу йўлни синаб кўриш керакдир.

Мутасаддилар келтираётган сабаблар ортидан аёнлашиб боряптики, бу заводда «миллий маҳсулот», «миллий ғурур» деган гаплар бор, лекин айнан мана шу гаплардан бир гуруҳ шахслар ниқоб сифатида фойдаланаётганга ўхшаяпти.

Яъни, бутун бир халқ, жамият манфаат топишидан кўра, бир гуруҳ номаълум шахслар мана шу ишлар ортидан фойда кўраётгани сезиляпти.