Жамият | 16:00 / 16.03.2020
61240
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жума намозлари вақтинча ўқилмайди - Усмонхон Алимов мусулмонларга мурожаат қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Усмонхон Алимов «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида диний маросимларни ўтказиш тартиби ҳақида баёнот берди.

У Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан юртимиздаги мусулмонларга мурожаат ва чақириғини ўқиб эшиттирди.

«Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар.

Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин.

Масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин.

Мўъмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар.

Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим.

Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

Карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин.

Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир», деган Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида.

Қайд этилишича, ушбу фатво вирус аниқланган мусулмон мамлакатлар ҳамда бошқа ўлкалардаги йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг ушбу масаладаги фатво ҳамда хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

«Азиз юртдошлар, муҳтарам мўъмин-мусулмонлар. Бу ҳолат вақтинчалик бўлиб, эпидемиологик ҳолат барқарорлашганидан сўнг жамоат бўлиб ибодатларни давом эттирамиз, иншааллоҳ», деган муфтий.

  • 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати қайд этилди. Айни вақтда вирус юқтирган ўзбекистонликлар сони 6 нафарни ташкил қилмоқда.
  • 15 март куни бош вазир Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ҳукумат мамлакатдаги барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат билан чиққани, жума намозлари тўхтатилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид