Ўзбекистон | 18:34 / 17.03.2020
5624
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар ва МТМ ходимлари дезинфекциялаш ишларига жалб этилмайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов ўқув биноларини дезинфекциялашга ўқитувчилар ва МТМ ходимлари жалб этилмаслигини маълум қилди ва бу жараён қай тартибда ташкил этилишига изоҳ берди.

«Дезинфекция ишларини амалга оширадиган алоҳида тизим йўлга қўйилиб, махсус муассасалар мавжуд. Хўжалик ҳисобидаги дезинфекциялаш станциялари шартнома асосида давлат корхоналари, ҳаттоки аҳоли хонадонларида бу жараённи амалга оширишлари мумкин.

Дезинфекциялаш иши қийин жараён эмас. Дорихоналарда дезинфекциялаш воситаларини харид қилиб, уй шароитида фойдаланса бўлади. Ундан ташқари, айрим ювиш воситаларида ҳам инфекцияни ўлдириш хусусиятига эга моддалар бор.

Бу ишларга ўқитувчилар ва МТМ ходимлари жалб этилмайди. Бошқа ташкилотлар ходимлари жалб этилиши бўйича гап бўлмаган, бунга эҳтиёж ҳам йўқ. Махсус тайёргарликдан ўтган дезинфекторлар томонидан бу ишлар амалга ошириб келинмоқда. Улар тегишли асбоб-ускуналари: автомат, гидропульт ва бошқа воситалар тўлиқ таъминланган.

Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлигининг вилоят, туман марказларида ҳам шундай бўлимлар бор. Хусусий дезинфекция ташкилотлари ҳам бу иш билан шуғулланишади», деган у «Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида брифингда.

Мавзуга оид