Жаҳон | 08:32 / 18.03.2020
59379
4 дақиқада ўқилади

Коронавирус меҳнат мигрантларини Россияга қамаб қўйди

Россия авиа ва темирйўл қатновларига ўзаро чеклов киритган ё кескин қисқартирган давлатлар орасида меҳнат мигрантларига эга давлатлар — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бор.

Фото: Виктор Кручинин / Коммерсантъ

Россиянинг «Коммерсантъ» нашри ҳар уч давлатнинг РФдаги элчилари билан боғланиб, бу давлатлар ўз фуқароларига ватанларига қайтиш ёки карантинни Россияда ўтказиш борасида қандай ёрдам кўрсатаётганига қизиқди.

COVID-19 коронавируси туфайли Россия чегараларнинг ёпилиши ҳамда авиа ва темирйўл қатновларининг бекор қилиниши Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган юз минглаб меҳнат мигрантларининг режаларини ўзгартириб юборди. Гап шундаки, анъанага кўра айнан баҳор фаслида ишчилар Россияга ишлаш учун йўл олишади ва кеч кузда ватанига қайтишади. Россияда қишда ишлаган мигрантлар эса Наврўз байрамини уйда нишонлашга ҳаракат қилишади.

Бироқ, меҳнат мигрантлари байрамга ўз оилалари бағрига қайтиши қийин масала. Ўзбекистон бошқа давлатлар билан авиа ва темирйўл қатновларини тўлиқ ёпди, Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси эса фақат Москва ва Дубайдан чартер рейслар ташкил этилишини ваъда қилмоқда. Бироқ, барча йўловчилар Тошкентга келиши билан икки ҳафталик карантинга жойлаштирилади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадовнинг «Коммерсантъ»га маълум қилишича, бундай чартер рейсларнинг биринчиси сешанба куни амалга оширилган. Россия ҳукумати билан ўзбекистонлик фуқароларни нафақат Москвадан, Россиянинг бошқа ҳудудларидан қўшимча чартер рейслар амалга ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. «Бу рейсларга чипталар пуллик, — деди у. — Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматларининг келишувига кўра 17 март куни Қозон вокзалидан Тошкентга иккита махсус поезд йўл олди. 18 март куни яна бир поезд йўлга чиқиши кутилмоқда».

Асадовнинг сўзларига кўра, элчихона «ватанга қайтиш истагида бўлган ватандошлар ҳақида маълумот тўпламоқда», қолганларни эса «ваҳимага берилмасдан, Россия ҳукумати томонидан тавсия этилаётган вирусга қарши курашиш чора-тадбирларига амал қилиш»га чақирмоқда.

Молиявий муаммоларни меҳнат мигрантларининг аҳволига аллақачон таъсирини ўтказган рубль курси ҳам янада чуқурлаштириши мумкин.

Migrant.mobi портали асосчиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммадов мигрантлар ёпиқ чегаралар шароитида тўқнаш келаётган бюрократик муаммоларга ҳам эътиборни қаратди.

«Мигрант ўз миграцион картасини янгилаш учун Россия чегарасига борадиган ҳолатлар жуда кўп, — деган «Коммерсантъ»га Б.Шермуҳаммадов. — Агар патентга вақтида ҳужжат топшира олмаса, 10-15 минг рубль жарима тўлаш ёки Қозоғистон чегарасига бориб, уни кесиб қайтиб кириш танлови бор. Бу бир ярим сутка вақтни олади, лекин арзонроқ — 7-8 минг рубль. Мигрантлар кўпроқ иккинчи вариантни танлашади, гарчи бундай йўналишни таклиф этаётган ташувчилар ноқонуний ишлашади, чегарачилар эса гоҳида пора талаб қилишади».

Тожикистон авиақатновни кескин камайтирди ва Россия билан темир йўл алоқаларини бутунлай тўхтатди. «Ъ»га берган интервьюсида республиканинг Москвадаги элчиси Имомиддин Сатторов барча тожик ишчилари ва талабаларини Россиядан эвакуация қилишнинг иложи йўқлигини тан олди ва шунинг учун Россия ҳукуматидан уларни қолиш шартларини бузганликлари учун жазоламасликни сўради.

Қирғизистон Москва билан авиақатновни сақлаб қолди, аммо Екатеринбург, Ростов-Дон ва Санкт-Петербургга рейсларни тўхтатди, поездлар қатнови эса бутунлай бекор қилинди. «Мамлакатларимиз ўртасидаги авиақатнов ҳали бекор қилинмаганлиги ва фуқароларнинг чиқиб кетишлари учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқлиги сабабли, эвакуация масаласи ҳам ҳозирча кўриб чиқилмаяпти», - деди Қирғизистоннинг Москвадаги элчиси Аликбек Жекшенкулов.

Сешанба куни кечга қадар Ўзбекистон коронавирус юқтирганлик билан боғлиқ ҳолатлар сони 11 тага етди. Тожикистон ва Қирғизистонда ҳозирча вирус аниқланмаган.

Мавзуга оид