70-мактаб ўқитувчилари мактаб директори ва ўринбосари буйруғи билан ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиш мақсадида Телеграм’да ота-оналар гуруҳини очишади. Бу гуруҳда мактаб директори ва ўқитувчилар сабабсиз дарсга кечикиб келган ёки дарс қолдирган ўқувчиларнинг суратларини эълон қилиб бориши ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлади.
Мурожаатчиларнинг айтишича, гуруҳда дарсга кечиккан ёки дарс қолдирган 1-синфдан 11-синфгача бўлган барча ўқувчиларнинг суратлари эълон қилиб борилган.
Ота-оналарни ташвишлантираётган ҳолат шуки, мактаб маъмурияти томонидан Телеграм’даги гуруҳда расми қўйилганидан кейин болалар руҳиятида салбий ўзгариш бўлмоқда.
Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун мактаб директори ва бошқа мутасаддилар билан боғланди.
Мактаб директори Шерзод Шаропов ҳақиқатан ҳам Телеграм’да гуруҳ очиб, унда дарсга кечиккан ва дарс қолдирган ўқувчиларнинг фотосуратлари бериб борилаётганини тасдиқлади.
Директордан бу иш қонунчилигимизга ва бола ҳуқуқларига оид халқаро нормаларга қанчалик тўғри келишини сўраганимизда, у давомат масаласида муаммолар борлигини ва муаммони ҳал қилиш учун шу усулдан фойдаланаётганини айтди.
Шундан сўнг, Ургут туман Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Элёр Пўлатов билан боғландик. Унинг айтишича 70-мактаб раҳбариятининг бу ишидан хабари бўлмаган ва туман ХТБ томонидан мактаб директорларига бундай кўрсатма берилмаган. Элёр Пўлатов 70-мактаб раҳбариятига бу иш учун тегишли чоралар кўрилишини билдирди.
Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси Анвар Умаровдан юқоридаги ҳолат бўйича изоҳ олдик.
Вазирлик вакилининг айтишича, ҳудудий бошқарма ва бўлимлар, мактаб директорларига ижтимоий тармоқ ёки месенжерларда гуруҳ очиб дарсга сабабсиз кечиккан ёки дарс қолдирган ўқувчиларнинг фотосуратларини бериб бориш топшириғи берилмаган. А.Умаров Ургут туманидаги 70-мактабда бу иш юзасидан тегишли тартибда текширув ўтказилишини маълум қилди.
Хўш, бу борада қонунчилигимиз нима дейди?
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг камситилишига йўл қўймаслик ҳамда боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
















