Жамият | 00:54 / 19.03.2020
15364
4 дақиқада ўқилади

Қибрай ИИБ фуқаро арзини кўриб чиқмаяпти. Мурожаат юборилганига бир ойдан ошди

Қонунга кўра, шикоят 15 кун ичида кўриб чиқилиши керак. Фирибгардан жабр кўриб, нажотни ички ишлар идораларидан кутаётган фуқаронинг мурожаати эса мана бир ойдан ошибдики, Қибрай туман ички ишлар бўлими канцеляриясида ўз ижрочиси олиб кетишини кутиб ётибди.

Фото: ТАСС

Kun.uz таҳририятига қибрайлик фуқародан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, фуқаро жисмоний имконияти чеклангани сабабли OLX.UZ сайти орқали уйини таъмирлатиш учун уста топган. Бажариладиган иш ва унинг ҳақини келишиб, устабошига катта суммадаги пулни берган. Бироқ келишилган иш тўлиқ бажарилмаган, пул ҳам қайтарилмаган. Устабоши эса олган пуллари билан бедарак кетганича қайтиб қорасини кўрсатмаган.

Бу ҳикоямизда фуқаро ва уни алдаб кетган «уста»лар бўйича вазиятга тўхталмоқчи эмасмиз. Биз қаламга оладиган масала Қибрай туман ИИБ айрим ходимларнинг ўз вазифаларига беэътиборлиги ва инсон тақдирига бефарқлиги ҳақида бўлади.

Хуллас, пулига куйиб қолган фуқаро жорий йилнинг 12 февралида Қибрай туман ИИБ бошлиғи номига почта орқали ёзма равишда шикоят йўллайди. Бироқ, орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлишига қарамай, унинг мурожаати бўйича бирор киши сўраб келмаган, ҳатто қўнғироқ қилиб ҳам қўйишмаган.

Қисқаси, ариза сувга чўккан тошдек йўқ бўлиб кетган. ИИБнинг идорасига борай деса, ногиронлар аравачасида бирор жойга бориб келиш ҳам осон эмас...

Фуқаронинг мурожаатини тинглаб, унинг ИИБга йўллаган шикояти тақдири билан қизиқдик. «Йўқ бўлиб кетмагандир ҳар ҳолда...»

Мурожаатнинг дарагини топиш унчалик қийин кечмади. Қибрай туман ИИБ навбатчилик қисми билан телефон орқали боғландик. Навбатчилик қисмидаги ходим ёзма шаклда почта орқали юборилган аризалар бўлимнинг канцеляриясига келиб тушишини айтди ва Нигора исмли канцелярия ходимининг телефон рақамини берди.

Ушбу ходимдан фуқаронинг мурожаати «Майский ПОМ» (эски номи бўлса керак – таҳр.) бошлиғи Сардор Набиевга йўналтирилганини билдик. Яна қайта навбатчилик қисми билан боғланиб, Сардор аканинг рақамини олишга эришдик. У киши билан сухбатимиз узоққа чўзилмади: «Мен бу аризани ҳали олганим йўқ, боягина канцеляриядан шу аризани олиб кетишимни сўраб телефон қилишди. Бу ариза агар мени иш юритувимга келиб тушганда, аллақачон ҳал қилиб, муаллифига жавоб хатини ҳам юборган бўлар эдим. Ўзи (канцелярия ходими назарда тутилмоқда – таҳр.) госпиталда ётган бўлса, қолиб кетгандир-да», деган жавобни олдик.

Шундан сўнг ИИБнинг канцеляриясига тушган мурожаатлар учун масъул бўлган ўша ходимга қайта боғланишга ва аниқроқ маълумот олишга уриндик. Бироқ бу уринишларимиз зое кетди.

Гувоҳи бўлганингиздек, фуқаронинг умид билан ёзган аризаси орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтибдики, ўз ижрочисига етиб бормабди.

Мурожаат шунча вақт давомида рўйхатга олиш китобининг ичида ёхуд масъул ходимнинг тортмасида ётмаганида эди, барча масалалар ҳал бўлган, фуқаронинг муаммоси эса ўз ечимини топган бўлармиди?..

Дарвоқе, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига кўра, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Умид қиламизки, ваколатли идоралар томонидан Қибрай туман ИИБнинг фуқаро мурожаатига беписандлик қилган ходимлари ҳаракатларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳо берилади.

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид