18 март, карантиннинг учинчи, вирус кириб келганининг тўртинчи кунидаги вазиятни ўрганарканмиз, ваҳималар анча камайгани, нисбатан осойишталик ҳукм сураётганини кузатишимиз мумкин.

Коронавирусга чалинганларнинг барчаси айни пайтда пойтахтда бўлиб тургани учун ҳам табиий равишда пойтахтга кўпроқ эътибор қаратамиз.

Тошкент кўчалари сокин, тирбандликлар анча камайган, йўллар бўшаб қолгани бир қарашдаёқ кўзга ташланади.

Жамоат транспорти, хусусан автобус ва метрода йўловчилар оз. Бу, албатта, талабаларнинг таътилга чиқарилгани, таълим тизими ходимларининг аксарияти ишга чиқмаётгани ва пойтахтга меҳмонлар келиши камайиши билан боғлиқ.

Талабаларнинг қайтиши билан боғлиқ муаммо кузатилгани, йўлкиралар ошиб кетгани ортидан бир қатор вилоятлар ҳокимликлари автобуслар ва бошқа турдаги транспортлар билан бепул ташишни йўлга қўйди.

Бу борада дастлаб Қашқадарё вилояти ташаббус кўрсатган бўлса, кейинчалик Жиззах, Андижон, Сурхондарё каби вилоятлар ҳам қўшилди. Нафақат ҳокимликлар, балки турли ташкилотлар, хусусий транспортлар эгалари ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлагани қувонарли.

Умуман, бир нарсани таъкидлаш жоиз – коронавирус халқимизни жисмонан узоқлаштирган бўлса-да, маънан яқинлаштирди, жипслаштирди.

Буни уюштирилаётган турли хайрия ташаббусларда ҳам кузатишимиз мумкин.

Жумладан, айрим дорихоналар тиббий ниқобларни арзон нархда сотишни йўлга қўйган бўлсалар, яна бошқа тадбиркорлар бундай воситаларни ҳатто бепул тарқатмоқдалар. Шунингдек, исириқ, нон каби маҳсулотларни беғараз тарқатаётганларни, егуликларни арзонлаштириб сотаётганларни ҳам кузатиш мумкин.

Бундан ташқари, Beeline ва Mobiuz алоқа операторлари коронавирус ҳақида ишончли маълумот бериб келаётган сайтлар – Kun.uz ва бошқа қатор интернет нашрларга киришни ўз абонентлари учун бепул қилиб қўйди.

Аммо шундай бирдамлик кунларида кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Булар – кўп марта қайтарилганига қарамай, яна ёлғон маълумотлар тарқалишида яққол кўринади.

Масалан, кимдир шаҳарлар узра вертолётда дезинфекция воситалари сепилиши ҳақида асоссиз хабар берган бўлса, яна бир хорижий сайт Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини манба сифатида кўрсатиб, юртимизда бир киши коронавирусдан ўлгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатган.