Ўзбекистон | 12:41 / 23.03.2020
9903
2 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирлиги такси нархлари кўтарилиши эҳтимоли юзасидан изоҳ берди

Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси ва Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан жорий йилнинг 22 март кунидан бошлаб пойтахтда автобус, метро ҳамда йўналишли такси (маршрутка) қатновлари вақтинча тўхтатилди.

Транспорт вазирлиги бу чоралар ортидан такси хизматига талаб ортиши ва нархлар кўтарилиши масаласида изоҳ берди.

«Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўхтатилиши ортидан табиийки такси хизматига бўлган талаб ошди. Мобил иловалар орқали такси хизматини буюртма қилишни йўлга қўйган компаниялар билан нархларни ошириб юбормаслик юзасидан тушунтириш ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, аҳоли орасида оммабоп бўлган Yandex Taxi компаниясининг Москвадаги вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, дастурдан талабдан келиб чиққан ҳолда нархнинг кўтарилиш функцияси ўчиртирилди», дея Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг онлайн брифингдаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, такси нархлари ошмаслиги бўйича Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент транспорт бошқармаси, Йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ходимлари тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

«Шахсий автомашинасига эга бўлган фуқаро қонуний такси фаолияти билан шуғулланишни истаса, йўналишсиз такси фирмаларига мурожаат этиб 4-5 соат мобайнида ўз хизматларини қонунийлаштириб, лицензия олишлари мумкин», дея қўшимча қилди Наврўз Ашурматов.

Мавзуга оид