Россия – ўзбекистонлик талабалар ўқишга энг кўп борадиган мамлакатлардан бири. У ердаги университетларга киришнинг қандай ўзи хос жиҳатлари бор? Мамлакатга илк бор келган талабани қандай ҳаёт кутмоқда? Талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлай оладими?

Россиянинг Ставрополь ўлкасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Шодия Турсунқулова Kun.uz’га ана шулар ҳақида гапириб берди.

Шодия Турсунқулова 1996 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. Ҳозирда Россиянинг Ставрополь ўлкасида Шимолий Кавказ федерал университети (ШКФУ)нинг 1-босқич магистранти.

Россияга келишим ҳақида

Психологияга мактаб вақтимдан қизиққанман. Лекин асосий йўналишим инглиз тили ёки журналистика эди. Коллежга ўқишга киргач, барибир асосий йўналиш қилиб психологияни танладим ва тайёрланишни бошладим.

2015 йил ҳужжатларимни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига топширдим ва ўқишга қабул қилиндим. ТДПУда 1 йил ўқишга улгурдим холос. Ўша бир йил ичида таниқли психологлар дарсларини олдим. 2016 йил пойтахтдан кўпчилик табалар қатори мен ҳам ўқишимни кўчиришга мажбур бўлдим. Самарқанд давлат университетини танладим ва қолган йилларни Самарқандда ўтказдим.

Ўқишимни давом эттириш ҳақида кўп ўйлардим. Билардимки, психология учун биргина бакалавр даражаси етарли емас. Шунинг учун магистратурада ҳам ўқишга қарор қилдим.

Ўқиш учун аниқ бирор давлат танламагандим, шунинг учун параллель равишда инглиз ва турк тилларини ўргана бошладим. Лекин тоғли, қалин ўрмонли, тинч ва бошқа давлатларга ҳам чиқиш имкони яхши яратилган бирор давлат хоҳлагандим. Россия эса хаёлимга ҳам келган эмас.

Охирги курсда университет халқаро бўлими ҳар хил давлатлар университетларига грантлар ажратилгани ва хоҳловчилар имтиҳон топшириб кўришни таклиф қилишди. Грант асосида ўқиш яхши имконият эди. Ўйлаб-ўйлаб, охири Шимолий Кавказ федерал университетини танладим.

Кавказнинг иқлими, кўп миллатли экани, анъаналари, денгизга чиқиш имконияти ва мен хоҳлаган йўналишлар борлиги – ҳамма-ҳаммаси маъқул келган.

Имтиҳон топшириш учун мендан рейтинг дафтарчамнинг суратини интернет орқали юбориш сўралди. Скайп орқали имтиҳондан ўтдим ва мени иккинчи имтиҳондан ўтиш учун Россияга – Ставрополга чақиришди. Келгач, 1 август куни иккинчи имтиҳондан ҳам ўтдим ва амалий психология йўналишига грант асосида қабул қилиниб, 1-курс магистранти бўлдим.