Ўзбекистон | 12:27 / 24.03.2020
33146
3 дақиқада ўқилади

Қамоқхонадагилар қандай карантин қилинади?

Жазони ижро этиш муассасалари ҳозирги кунда тўлиқ ёпилиб карантин ҳолатига ўтказилган. Маҳкумларни ўз вақтида дезинфекциядан ўтказиш, ҳар икки соатда ҳароратини текшириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари фавқулоддаги вазиятлар учун махсус камералар тайёрланган.

Карантин давридаги қонун-қоидалар билан танишмисиз? Қонунчиликда қандай меъёрлар билан белгиланган? Шу каби саволлар юзасидан ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбековга мурожаат қилдик.

 – Карантин қоидаларини бузган шахсларга қонунчиликда қандай жавобгарлик белгиланган?

– Карантин қоидаларини бузган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган. Ҳозирги пайтда 3 та ҳудудда бундай қонунбузарлар аниқланган. Улар Сурхондарё вилояти Денов тумани, Тошкент вилояти Паркент тумани, Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи фуқаролар эканлиги аниқланган. Уларга нисбатан Карантинда сақлаш қоидаларини бузганлиги, карантин ҳудудини ўз бошимчалик билан тарк этиб, яқинларини ва танишларини хавф остида қолдирганлиги учун жиноят ишлари қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари яна 4 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларга асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.

– Жазони ижро этиш муассасаларида қандай карантин чоралари кўрилган?

Ойбек Қулбеков

– Жазони ижро этиш муассасалари ҳозирги кунда тўлиқ ёпилиб карантин ҳолатига ўтказилган. У ерда сақланаётган айбланувчилар, судланувчилар ва маҳкумларни коронавирус касаллигини юқтириб олмасликлари учун барча зарурий чоралар белгиланган. Жумладан, уларни ўз вақтида дезинфекциядан ўтказиш, ҳар икки соатда ҳароратини текшириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари фавқулоддаги вазиятлар учун махсус камералар тайёрланган.

– Фуқароларнинг уйларига “уйингизни дезинфекция қиламиз”, деб келса нима қилиш керак?

– Ўзини Санитария эпидомология маркази ходимиман деб таништириб, уйида дезинфекция қилиш баҳонасида ўғирлик, фирибгарлик ёки талончилик каби жиноятларни содир қилишни режалаштирган фуқаролар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч қандай Санитария эпидомология ходими сабабсиз уйига эшик тақиллатиб келмайди. Фақатгина касаллик аниқланганда ёки ўша хонадонда яшовчи фуқарода касаллик аниқланганда дезинфекция чоралари кўрилади. Сабабсиз “биз дезинфекция қилмоқчимиз” дейишганда уйга киришига рози бўлмаслик ва дарҳол Ички ишлар органларига мурожаат қилишлари керак. Бундан ташқари фуқаролар тегишли хизмат гувоҳномаларини талаб қилишга ҳуқуқи бор.

– Йўловчи ташиш хизматлари томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?

– Маълумки, Тошкент шаҳри ҳокимининг қарорига асосан жамоат транспортидан фойдаланиш вақтинчалик тўхтатилди. Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳри бўйича лицензияга эга 9 мингдан ортиқ таксичилик фаолияти билан шуғулланадиган автомашиналар бор. Ушбу автомашиналар Тошкент шаҳридаги 8 та автопарклар томонидан ҳар куни эрталаб дезинфекциядан ўтказилади ва йўл варақаларига дезинфекциядан ўтказилганлик ҳақида муҳр қўйилади. Шундан сўнг кун давомида фуқароларга такси хизмати кўрсатилади.

 Бекжон Жўрақулов суҳбатлашди, тасвирчи Дониёр Якубов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид