Кўпгина шаҳарлар ва баъзан бутун бошли давлатлар карантинга олинмоқда; парвозлар, муҳим халқаро тадбирлар, спорт мусобақалари ва мусиқа фестиваллари бекор қилинган.

Сўнгги ҳафталарда Европа инфекциянинг янги марказига айланди, дунёнинг бошқа минтақаларида эса — Лотин Америкаси, АҚШ ва Яқин Шарқда бу ҳолатлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

25 март ҳолатига вирус 21 мингдан ортиқ киши ҳаётига зомин бўлган ва дунё бўйлаб 471 минг инсон вирусдан зарарланган, 114 мингдан ортиқ киши соғайиб кетган. Шунга қарамай, баъзи мамлакатлар ушбу вирус тарқалишини енгишга муваффақ бўлишди. 

Осиёнинг баъзи мамлакатлари, янги вирус пайдо бўлган Хитой давлатига географик жиҳатдан яқин бўлишига қарамай, Covid-19 эпидемияси авж олишига тўсқинлик қилишди.

«Эпидемияни олдини олиш чораларини кўришга муваффақ бўлган давлатлар мавжуд ва менимча, биз улардан намуна олишимиз керак», — деб ҳисоблайди Жон Ҳопкинс университети профессори, эпидемиолог Толберт Ньенсва BBC билан суҳбатда.

«Мен фақатгина бошқа демократик давлатларда татбиқ этилиши қийин бўлган қатъий карантин чораларини кўргандан сўнг юқтириб олишлар сони кескин тушиб кетган Хитой давлати ҳақида гапирмаяпман. Бир қатор бошқа мамлакатлар ҳам вирусга қарши ўз усулларини ишлаб чиқишди ва улар ҳам бирдек самарали бўлди», — дейди профессор.

Япония Токио Олимпиадасини ўтказиш умидида коронавирус тарқалишини зудлик билан тия олди
GETTY IMAGES

Масалан, Хитойга қўшни ва 23 млн аҳолига эга бўлган Тайванда коронавирус билан касалланишнинг атиги 235 ҳолати ва иккита ўлим кузатилди. 
Ҳонгконг аҳолиси 7,5 миллион кишини ташкил этади ва у Хитой билан қуруқликда чегарадош, вирус Хитойдан кейин илк бор шу давлатда аниқланди, аммо икки ой ичида бу ерда фақатгина 411 юқтириш ҳолати ва тўртта ўлим тасдиқланди. Шу билан бирга, сўнгги кунларда беморлар сони яна ўсишни бошлаган ва янги назорат чоралари жорий қилинган.

Узоқ бўлмаган Японияда (120 миллион киши) 1300 киши янги вирусни юқтирган, Жанубий Корея эса ушбу ташхисга эга бўлган 9241 бемор ҳақида хабар қилмоқда, аммо сўнгги ҳафталарда инфекциянинг тарқалиш даражаси ва ўлим ҳоллари сезиларли даражада камайган.