Ўзбекистон | 15:18 / 26.03.2020
14372
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков: Хитойлик мутахассислардан хавфсираш эмас, уларнинг тажрибасидан фойдаланиш керак

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков интернетдаги Ўзбекистон хитойлик мутахассислардан ёрдам сўрамаслиги кераклиги ҳақидаги чақириқларга муносабат билдирди.

«Билмадим, бундай гаплар қаердан чиқяпти. Назаримда, ҳозир биз айнан Хитойдан ёрдам олишимиз керак. Негаки, ушбу давлат коронавирус эпидемиясини енгиб, бутун дунёга касалликни енгиш имконияти борлигини исботлади. Мутахассислари эса уч ойлик карантин даврида катта тажрибага эга бўлишди. Хитой давлати ўзи ёрдам бераман деб турган пайтда, олди-қочди гапларга ишониб, ундан воз кечиш жуда катта хато бўларди», дея унинг сўзларини келтирган  мухбири.

Шунингдек, Нурмат Отабеков «11 ойлик чақалоғи билан чартер рейс билан олиб келинган аёлни уй шароитида карантин қилиш имконияти» ҳақидаги саволга жавоб қайтарган. 

«Йўқ, бу аёл чартер рейс билан эпидемик вазият нохуш ҳудуддан олиб келинган. Бундай тартибда олиб келинган одамларнинг барчаси бир жойда, бирдай тартибда, бир хил муддатда карантинда бўлиши керак. Уларни зинҳор бир самолётда келган бошқалардан ажратиб бўлмайди. Агар шундай қилинмаса (мабодо йўлда ёки эпидемик нохуш ҳудудда бўлган даврда) касаллик вирусини юқтириб олган бўлса, уйидаги яқинларини ҳам хавф остида қолдириши мумкин», деган у.

Бола карантин билан қамраб олинмаган бўлса, режали эмлашни ўтказиш мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.

«Агар фарзандингиз карантин тадбирлари билан қамраб олинмаган бўлса, эмлаш календарига мувофиқ, режали эмлаш тадбирларини ўтказиш мумкин бўлади. Бунинг учун ҳеч қандай чеклов йўқ», - дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид