Ўзбекистон | 17:16 / 26.03.2020
8953
2 дақиқада ўқилади

Педагогларнинг аттестация имтиҳонлари онлайн ўтказилмайди

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова педагог кадрлар аттестция имтиҳонлари онлайн ташкил этилмаслигини маълум қилди.

Фото: Facebook /seaclinic

«Шу йили 2-7 март кунлари Тошкент шаҳрининг биринчи ва олий тоифага топширган педагоглари учун тест синовлари бўлиб ўтди. Вилоятларники 25 мартдан бошланиши керак эди, карантин сабабли тўхтатилди.

Педагог кадрлар аттестациясини уйда онлайн топшириш ташкил этилмаган. Карантин даври тугагандан кейин, имтиҳон муддатлари бўйича бир неча кун олдин хабар берилади. Жараён кечикиб, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаб қолса, ўқитувчининг малака тоифаси тушириб юборилмайди», деди Мадраҳимова АОКАда ташкил этилган штабда ўтказилган брифингда.

Брифингда барча таълим муассасалари аттестацияси қачон ўтказилиши ҳақидаги саволга ҳам изоҳ берилди.

Қайд этилишича, карантин даврида аттестация жараёнлари тўхтатилган ва бу ҳақда ҳудудий аттестация комиссияларига хабар берилган. Ҳозирда инспекция аттестация ҳужжатларини масофадан туриб таҳлил қилиш режимида иш олиб бормоқда. Яъни таълим муассасалари ва экспертлар ўртасида электрон кўринишда ҳужжатлар алмашинуви йўлга қуйилган.

Таълим муассасаларига ташриф буюрган ҳолда ўрганиш (дарс таҳлиллари, таълим олувчилар, педагоглар, ота-оналар ва иш берувчилардан сўровномалар, сифатли таълим олиш учун яратилган шароитларга баҳо бериш) карантин тугагандан сўнг амалга оширилади. Бу йилги аттестациялар ўтказиш режасида белгиланган барча таълим муассасалари қамраб олинади.

 

Мавзуга оид