Жаҳон | 01:38 / 27.03.2020
55723
11 дақиқада ўқилади

«Очиқ денгизда битта қайиққа тушиб қолдик». Франция қатъий карантинда қандай яшамоқда?

Францияда мамлакат бўйлаб карантин эълон қилинганига икки ҳафта бўлди. Карантиннинг илк кунларида фуқароларни «жиловлаш осон бўлмади». Шу боис ҳукумат карантин шартларини кескинлаштириб, фуқароларни «уй қамоғига маҳкум қилди».

Фото: AFP

Бугун францияликлар жарима ёки полициядан эмас, ўлимдан қўрқиб кўчага чиқмаяпти. Фаранг ўлкасида вазият жиддий, карантин майгача чўзилиши мумкин. Хитой, Эрон, Италия ва Испаниядан кейин вирусдан энг кўп жабрланган бешинчи давлат айнан Франция бўлиб турибди. Коронавирус аниқлангач ҳукумат жиддий чоралар кўришга ўтди: мактаб, ресторан ва кафелар ёпилди. Сўнг ҳар қандай йиғин ўтказиш тақиқланди. Мамлакатда ёппасига карантин эълон қилинди.

Карантин бошида французлар уни жиддий қабул қилишмади. Улар баҳорий кайфиятда хиёбон, соҳиллар, тоғ-чанғи комплексларига боришни канда қилишмади. Карантин эълон қилинганига қарамай, жамоат жойларидан одам аримасди. Ҳолатни жиддий баҳолаган мамлакат президенти Эммануэл Макрон душанба куни францияликларга кескин оҳангда мурожаат билан чиқди: «Тарқаламиз! Биз жангдамиз! Қайсидир армия ёки давлатга қарши эмас, кўринмас ёвга қарши жангда!».

Қаршингдан одам чиқса, четга ўт

Биаррица марказидаги кўчада фақат шу ерда яшовчилар югуриши мумкин. Лекин ёнда маълумотнома бўлиши керак

Карантиннинг навбатдаги босқичида қатъий қоидалар эълон қилинди. Унга кўра, уйдан фақат шошилинч эҳтиёж ёки иш жойидан берилган маълумотнома билангина чиқишга рухсат берилди. Сабабсиз уйдан чиққанлар 130 евро миқдорида жаримага тортилади. Иккинчи марта «радарга тушганлар» учун эса жарима миқдори 1 000 евро этиб белгиланди.

Иккинчи ҳафтадан шартлар янада оғирлашди. Энди уйдан чиқишга фақат кунига бир марта бир соатгагина рухсат берилади. Унда ҳам уйдан 1 километр узоқ бўлмаган масофага бориш учун. Икки кишидан ортиқ одамнинг ёнма-ён юриши тақиқланган. Баъзи ҳудудларда кўчада юрганда фақат якка юриш, рўпарасидан одам чиқса, бир ярим метр масофа сақлаш шарти жорий қилинди.

Соҳиллар, хиёбонлар, жамоат жойлари ёпилди. Қариндошларни кўргани бориш, Шенген зонасидан чиқиш, тўйлар, диний маросимлар ўтказиш мутлақо тақиқланди. Дафн маросимларини яқин қариндошлар иштирокида ўтказиш белгиланди.

Севишганларга ҳам учрашиш мумкин эмас

Бугун францияликлар бир нарсани тушуниб етишди: одамлар бир-бири билан қанча кам учрашса, вирусдан сақланиб қолиш имконияти шунча ошади. Ана шунда карантин узоқ чўзилмайди ва аҳолига ошиқча хавф туғилмайди. Бугун францияликларга қуйидаги ҳолатларда уйдан чиқиш учун рухсат берилади:

  • уйдан туриб бажариб бўлмайдиган вазифани ишхонага бориб бажариб келиш учун;
  • кундалик керак бўладиган маҳсулотлар учун дўконга чиқиб келиш учун;
  • шошилинч ҳолатда шифокор ҳузурига бориш учун;
  • касалманд қариндошга ёки вояга етмаган болаларга қараб туриш учун;
  • уйдан бир километрдан узоқ бўлмаган масофага итни сайр қилдириш ва тоза ҳавода ёлғиз спорт билан шуғулланиш учун бир соат.

Дўстининг олдига меҳмонга, руҳшунос сеансига ёки косметолок ҳузурига бориш, яхши кўрган қизи билан учрашиш каби баҳоналар инобатга олинмайди. Дарвоқе, бу имкониятлар фақат ўзини яхши ҳис қилаётганлар учун. Агар оилада кимнингдир мазаси бўлмаса, оила аъзоларининг барчаси уйдан чиқмай ўтириши шарт.

Баъзи вилоятларда ўзини ўзи изоляция қилиш ҳам мумкин эмас. Шаҳарликларнинг бир қисми карантин бошланганда дала ҳовлиларга қараб «қочишди». Маҳаллий аҳоли «улар бизга вирус олиб келяпти, озиқ-овқатларимизни еб битиришади, қишлоқ касалхонасини тўлдириб ётиб олишади», деб шаҳарликларни хушламай кутиб олди. Шу сабаб тинчликни сақлаш мақсадида дала ҳовлиларга борган шаҳарликлар уйига қайтарилди.

Исталган жойда сизни текширишлари мумкин

Бугун уйидан чиқаётган ҳар бир франциялик ҳокимият тасдиқлаган шаклда исм-шарифи, манзили, уйдан чиқиш вақти, кўчага чиқишдан мақсади ҳақида ёзиб олиши ва полиция сўраганда уни тақдим этиши лозим. Албатта, кимдир уйдан бир неча марта чиқиши ва ҳар сафар олдинги қоғознинг нусхасини бериб кетавериши мумкин, аммо аксарият францияликлар бу масалада виждонан иш тутмоқда.

Карантиннинг илк кунларида ижтимоий тармоқларда кўча-кўйда тушган фотосуратларини жойлаб ўзига ҳеч нарса қилмагани, ҳукумат ортиқча ваҳима қилиб юбораётганини бемалол муҳокама қилаётган французлар бир ҳафта ўтиб «биз уйдамиз, сиз ҳам уйда қолинг», деган чақириқларни тарғиб қила бошлади.

Французлар қўшнилари билан тез-тез гаплаша бошлашди / GETTY IMAGES

«Аввалига одамлар барчасини енгил қабул қилди, вирус осонгина ўтиб кетади деб ўйлади. Кейинчалик коронавирус туфайли одамлар ҳалок бўла бошлагач, уни жиддий қабул қилиб ҳукуматнинг чақириқларига амал қила бошлашди», дейди парижлик Марк Феликс.

Германия ва Швейцария билан чегарадош Эльзас шаҳрида вирус юқтирганлар ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарлар одамларни жиддий тортишга мажбур қилди. Бу шаҳарда бир кун ичида барча касалхоналар реанимациясида жой қолмади. Шундагина одамлар карантин шартларига риоя қилишмаса, замонавий тиббиёт ҳам коронавирусга қарши ҳеч нарса қила олмаслигини англаб етишди.

«Одамлар Эльзасда, Италия, Испанияда нималар юз бераётганини кўзлари билан кўриб, карантин шартларига риоя қилишмаса, ўзлари ҳам вирус қурбони бўлишлари мумкинлигини тушуниб етишди», дейди икки ҳафтадан буён икки фарзанди билан турмуш ўртоғидан айро карантинда яшаётган Эммануэль.

«Дўстларимизникига боришни, денгиз бўйида сайр қилишни хоҳлаймиз, ҳаво яхши, биз ёшмиз, вирус бизга зарар етказмаслиги ҳам мумкин. Аммо аксарият одамларнинг уйда ўтирганини кўриб, айниқса қариялар қийналиб бўлса ҳам ўтиришибди, биз ҳар қанақасига сабр қиламиз ва карантин тугамагунча кўчага чиқмоқчи эмасмиз. Биз буни бошқалар ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳам қиламиз», дейди Эммануэлнинг қизи Элиз.

Ниқоб тақмаган бемаънилар

Парижлик Маркнинг айтишича бугун одамлар ҳукуматнинг тақиқи учун эмас, балки эпидемия туфайли уйда ўтирибди. Касалланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида охирги кунларда эълон қилинаётган маълумотлар, шунингдек, тиббиёт ходимлари келтираётган далиллар барчани бирдай сергаклантириб ҳукуматнинг карантин ҳақидаги қарорларини бажарадиган қилиб қўйди. Довюраклик ўрнини эҳтиёткорлик эгаллади. Энди Францияда ниқоб ва қўлқопда юриш эмас, уларни тақмаслик бемаънилик ҳисобланмоқда.

Навбатлар кварталлар бўйлаб узаяади - одамлар масофа сақлаб жойлашади / GETTY IMAGES

Ҳукумат карантиннинг бошида одамлар унинг шартларига амал қилмаётганини кўриб ҳудудларда тартиб сақлаш ва одамларни назорат қилиш учун 100 минг нафар полициячи ва яна қўшимча 250 минг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларини жалб қилди. Шу ҳолда ҳам улар катта шаҳарлар марказида унча кўзга ташланмайди. Полиция кимнидир тилхат ёзилган қоғозсиз ушласа, биринчи сафар огоҳлантириш билан кифояланмоқда. Қаршилик кўрсатганларгина жаримага тортилмоқда.

«Биз францияликлар озодликни севамиз. Айниқса расмийлар билан муносабатда. Ҳозирги ҳолатни диктатура демаслик керак. Бизда бошқа танлов йўқ. Ҳамма бу вақтинчалик фавқулодда ҳолат эканини тушуниб турибди», дейди Марк.

«Албатта, уруш ҳолатида эмасмиз, аммо барибир ёқимсиз, бунинг устига узоқ вақт бундай яшаш... Менга бу ҳаёт ёқадими? Йўқ, албатта. Аммо бу ҳам ноёб тажриба. Энг қийин масала бир неча кунлаб болалар билан бир жойда қамоқдагидай ўтириш.

Бир пайт ўғилларимдан бири отамни балконга тортади. Соат саккизга бонг урди, тиббиёт ходимларини олқишлаш вақти бўлди. Қўшнилар аллақачон деразалардан, балконлардан улар шаънига қарсак чалишни бошлаб юборишди. Ана шу шовқин пайтида барчасини унутаман. Ҳар кеча шу такрорланади», дейди Марк.

Ҳа, Франция ва Италияда ҳар куни кечки соат 20:00да одамлар балконларига чиқиб шифокорларни олқишлашади. Кимдир қарсак чалади, кимдир идиш товоқларни бир-бирига уриб таранглатади.

Ота-оналарга осон бўлмаяпти. Мактаб онлайн давом этмоқда. Қизиқарли ўйинлардан футбол йўқ, стол тенниси йўқ, уларни чалғитиш учун фақат компьютер ўйинлари қолди: «Кунларнинг ўтиши жуда ҳам қийин бўляпти», дейди Элизнинг отаси Стефан.

У жарроҳ, аммо режадаги жарроҳлик амалиётлари бекор қилинган. Иш фақат фавқулодда чақирувларга навбатчиликда туришдан иборат. Мусобақалар тўхтатилгани учун телевизордан регбини кўрсатишмайди, турмуш ўртоғи масофадан ишламоқда, болалар онлайн таълим олмоқда. Қолган вақтда уларни уддалаш эса осон иш эмас.

«Оилаларимиз билан Skype ёки Whatsapp орқали виртуал кўришамиз. Албатта, ҳар куни эмас. Қўшнилар билан масофа сақлаб бўлса ҳам гаплашиб турибмиз, орамизда уч метр оралиқ бўлади», дейди Эммануэль. Бегоналар билан кўришганда оралиқ масофа ушланади. Аммо ҳозирги ҳолатда ким биландир бирга яшаш вирусдан ҳам хавфли.

MARC FELIX

«Тўққиз ойдан кейин ҳаммаёқ чақалоққа тўлиб кетади. Аммо унгача ажрашишлар ҳам кўпайса керак. Бундай ҳолатда бирга яшаш ҳам осон эмас, кўпчилик синовдан ўта олмаслиги ҳам мумкин», дейди Марк.

«Карантин бу – синов. Барча бу лабиринтдан ўзининг йўли билан чиқиб кетади. Кимлардир тизим, тузилма, интизом ва жадвалга муҳтож. Кимдир оқим билан бирга сузганда яхшироқ эплайди. Биз очиқ денгизда битта қайиққа тушиб қолдик. Бизда бошқа имконият йўқ. Шунинг учун бир-биримизга сабрли бўлишимиз керак. Мазали овқат енг, озроқ ичинг», деб ўз хотиржамлик рецептини айтди Марк.

У карантиндаги ҳаётини мобил телефони камераси ёрдамида суратга муҳрлаб бормоқда. У ҳозирги ҳаётини оилавий хроникага «ҳаракатсиз саёҳат» деб номлаб қўшиб қўймоқчи. Марк барчаси хурсандчилик билан тугашига ишонади: «Бизни бу ердан чиқаришганда ҳақиқий байрам бўлади. Мусиқа, шодлик ва бахт».

Мавзуга оид