Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига оид масалаларни кўриб чиқиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси тўғрисидаги Низом тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига қўшимча 16 та штат бирликлари ажратилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари юзасидан ариза ва илтимосномалар:
а) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахс томонидан – ҳудудий ички ишлар органига;
б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшовчи шахс томонидан – Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари ёки консуллик муассасаларига топширилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш ҳақидаги илтимоснома шахснинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча қайддан ўтган ҳудудий ички ишлар органига топширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, тиклаш ва ундан чиқиш ҳақидаги илтимоснома ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш ҳақида ариза икки нусхада тўлдирилади.
Ариза ёки илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар икки нусхада тақдим этилади, уларнинг бир нусхаси ҳудудий ички ишлар органида ҳужжат қабул қилинган вақтдан бошлаб йўқ қилингунга қадар сақланади.
Ариза, илтимоснома ва сўровнома қўлда ёки техник воситаларни қўллаган ҳолда тўлдирилади. Уларни тўлдиришда қисқартирма ёки аббревиатура қўллашга йўл қўйилмайди.
Сўровномадаги жавоблар тўлиқ ёритилган, ҳужжатлар матни тушунарли ва тузатишларсиз бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари юзасидан мурожаат этган шахс ўз шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этиши лозим.















