Хусусан, 2020 йил 30 март соат 06:00дан 20 апрель соат 00:01га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

Мазкур рухсатномалар қуйидаги фаолиятларни амалга ошириш учун бириктирилган автотранспорт воситаларига тақдим этилади:

  • озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур ташкилотларда доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;
  • Санитария ва гигиена маҳсулотларини (коронавирус инфекциясидан ҳимояловчи ва дезинфекция қилувчи воситалар) ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситалари;
  • Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари.

Бунда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчи ходимлари марказлашган тартибда автобус (микроавтобус) орқали Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларига киритиши белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, республика махсус комиссиясининг қарори билан кўчаларда ҳаракатланиши учун қуйидаги автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома талаб этилмайди:

  • Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг дипломатик хизмати ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифларига мувофиқ ташриф этилган халқаро ташкилотларнинг делегациялари аъзоларининг тегишли автотранспорт воситаларига;
  • Аҳоли ва ташкилотларга коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга (газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва бошқа ташкилотлар) тегишли автотранспорт воситаларига;
  • алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотларга тегишли автотранспорт воситалари ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта жўнатмаларига;
  • тижорат банкларига тегишли хизмат автотранспорт воситаларига;
  • тиббий ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи корхоналарнинг автотранспорт воситаларига;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус ҳамда қутқарув корхоналарининг автотранспорт воситаларига;