Хитой ярим аср аввал айнан қаттиқ қопламали йўллар масаласида дунёдаги энг қолоқ давлатлардан бири эди. Ўша пайтларда Хитой ҳукумати йўл қурилишидан ҳам зарур қурилишлар борлигини баҳона қилиб, йўлларга етарли даражада эътибор бермаган, оқибатда мамлакатдаги йўлларнинг бор йўғи 25 фоизи асфальт қопламали бўлиб, уларнинг 60 фоизи ўта ёмон аҳволда эди.
Вазият Мао Цзедун вафотидан кейин ўзгарди. «Буюк йўлбошчи» ўрнига келган янги раҳбарлар сифатли йўллар қурмасдан мамлакатни ривожлантириб бўлмаслигини англаб етишади. Чин ўлкасида «Ривожланишни хоҳласак, аввало сифатли йўллар қуришимиз керак», деган шиор илгари сурилиб, йўл қуриш стандарти ишлаб чиқилади. Йўл қурилиши учун молиявий манбалар белгиланади:
- давлат ва маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
- йўл таъмири учун йиғиладиган маблағлар;
- автомобил олди-сотдисида белгиланган солиқлар;
- ёқилғиларга солинган акциз солиқларидан тушадиган пул.
1985 йил йўл қурилиши учун алоҳида қонун ҳам қабул қилинади. Унга кўра, йўл қурилиши учун олинган хорижий кредитларни қоплаш мақсадида юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган йўлларнинг бир қисми пулли бўлиши белгиланади.
Ҳукумат 1988-2020 йилларда автомобилларга катта тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган йўллар, автомагистраллар қурилиши режасини тасдиқлайди. Бундай йўлларнинг биринчиси 1988 йилда очилган 18,5 километрли Шанхай-Дзяцин трассаси эди. Шу тариқа, автомобиль йўллари қурилишида «Хитой мўъжизаси» бошланади. Ўтган асрнинг охирги декадасида Хитой йўл қурилиши учун шунчалик кўп маблағ сарфлайдики, бу бутун бошли Европа ва АҚШ ХХ асрнинг сўнгги 50 йилида йўл учун сарфлаган пулидан ҳам кўпроқ эди.
Бир пайтлар Хитойда йўлларни кам ҳақ тўланадиган миллионлаб ишчилар оддий белкурак, замбилғалтак ва қўлда бошқариладиган асфальт босадиган мосламалар билан қурган бўлса, янги даврда йўлсозлар қўлбола асбоблар ўрнига мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган замонавий техникаларга эга бўлади.
Тез ҳаракатланишга мослашган илк йўл 1988 йил қурилган бўлса, XXI аср бошида бундай йўлларнинг умумий узунлиги 10 минг километрдан ошиб кетади. Бу кўрсаткич 2002 йилда 20 минг километр, 2008 йилда 60 минг километрдан ошди. Биргина 2008 йилнинг ўзида Хитой йўлсозлари 8 минг километр узунликдаги катта тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган магистрал йўл қуришади.
2013 йил сўнгига келиб Хитойда сифатли автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 4 миллион километрдан ошади. Шундан 100,4 минг километри тез ҳаракатланса бўладиган йўллар эди. 2011-2015 йилларда транспорт соҳасини ривожлантириш дастурига кўра, Хитойдаги тез ҳаракатланиш мумкин бўлган йўллар туташтирилади ва бундай йўллар мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Шу тариқа, мамлакатда «тезкор трасса» ўтмайдиган бирорта провинция қолмайди. Бундай йўллар аҳолиси 200 мингдан ошадиган барча шаҳарларни ўзаро боғлайди.
















