Ўзбекистонда карантин шароитида бизнесни сақлаб қолиш чоралари қандай? Пандемия туфайли энг кўп зарар кўрадиган соҳалар қайсилар? Онлайн хизматлар соҳасининг тақдири қандай бўлади? MyTaxi ҳамда ресторан ва савдо нуқталаридан етказиб бериш Express 24 лойиҳалари асосчиси Акмал Пайзиев Kun.uz мухбирининг ана шу саволларига жавоб берди.
— Нима деб ўйлайсиз, пандемия шароитида Ўзбекистонда бизнесда қандай ўзгаришлар бўлади? Яъни тақдир тақозоси билан онлайн хизматлар янада ривожланадими ёки аҳоли тушумларининг тушиб кетиши ушбу йўналиш ривожланишига тўсқинлик қиладими?
— Юзага келган вазият – дўконлар, қаҳвахоналар ёпилиши одамларни янги нарсаларни ўрганишга ундамоқда. Одамларни айрим нарсаларга ўргатиш қийин. Айтайлик, оддий телефондан фойдалансангиз, янги телефонга ўрганиш, ёки бир дастурдан бошқасига ўтиш қийин.
Бугун эса янги нарсани ўрганишга мажбур бўлишяпти. Кейинчалик онлайн хизматлардан фойдаланишга ўрганганларнинг бир қисми уни тарк этса ҳам кўпчилик қолади. Аввалги билан таққослаганда онлайн бозор юзлаб марта ўсади деб ўйлайман. Ҳозирги ҳолат буни тақозо қиляпти.
Аҳоли тушумларининг бу жараёнга таъсирига келсак, онлайн хизматлар орқали бозордан савдо қилиш ҳам мумкин. Бозорни ҳам рақамлаштириш мумкин. Технологиялардан тўғри фойдаланиб, тадбиркорлар таклиф беришса, бу имконсиз нарса эса эмас. Барча ривожланган давлатлар ана шу босқичдан ўтишган.
— Карантин чоралари MyTaxi ва Express24’га қандай таъсир кўрсатди?
— Карантин чоралари сабабли нафақат MyTaxi, балки барча такси хизматларида буюртмалар кўрсаткичи тушди. Чунки кўпчилик уйда ўтирибди. Асосий фойдаланувчилар бизнесда, компаниялар, давлат хизматларида фаолият юритадиган одамлар. Бизда етказиб бериш тарифлари ҳам бор. Унда аксинча буюртмалар кўпайди.
Бундан ташқари, бошқа ижтимоий ишларни ҳам амалга оширяпмиз. Масалан, Express24’нинг маркет бўлимида ниқобларни ҳеч қандай комиссияларсиз ишлаб чиқарувчилар нархида сотяпмиз. Ҳар куни янги 3-4та дўконлар қўшиб бориляпти. Express 24 Market’га қўшиш учун навбатда 30-40та дўкон турибди. Бундан ташқари, кўплаб қаҳвахона ва ресторанлар ҳам қўшиб бориляпти. Унга кўплаб дўконлар уланишининг асосий сабаби – сайтни яратиш кўп харажат талаб қилади. Бунинг учун 300 доллардан 500 минг долларгача пул кетиши мумкин. Express 24 Market’га эса бор-йўғи 2-3 кунда бепул уланишлари мумкин.
















