Аммо инсонларга ёрдам беришни ўз бурчи деб билган аксарият компаниялар саховат улашишда давом этмоқда.
Кексаларга ёрдам
Британиядаги Bengal Cottage ҳинд таомлари ресторани кексаларга бепул гуруч ва зираворлар етказиб бермоқда. Ресторан эгаси Муҳаммад Соҳиб Миаҳ бу ишини «вирус йўқолмагунича ҳар куни» амалга оширишга ваъда берди.
АҚШнинг Оклахома штатидаги Angel’s Diner ресторани эгаси Анжела Бернхардт ёши 55дан ошганлар учун бепул таом етказиб беришни йўлга қўйди.
Янги Зеландиядаги Domino’s Pizza тармоғи коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашмагунича кексалар бепул таом етказиб беради. Ёши 70дан ошганлар ҳафтада бир марта бепул таомга буюртма бериши мумкин.
AlexZan ники остидаги стартапчи ёрдамга муҳтожлар ва ёрдам берувчиларни бирлаштирадиган илова яратиш учун жамоа тузаётганини эълон қилди. Илова орқали уйида ўтирган кексалар қандай нарсаларга эҳтиёжи борлигини ёзишади. Уларнинг яқин-атрофида бўлганлар бу хабарни олишади ҳамда кексаларга керакли нарсаларни харид қилиб уйларига келтириб беришади.
Барча муҳтожларга ёрдам
Калифорниядаги Valenti and Co ресторани эгаси Дулио Валенти дўконлар пештахталаридан ғойиб бўлган ашёларга муҳтож кишиларга ёрдам беришга қарор қилди. Бу ерда ҳожатхона қоғози, қўл сочиқлари, идиш ювиш воситалари бепул берилади. Ресторан шунингдек, хоҳловчиларга сиртларни дезинфекция қилиш воситаларини ҳам бепул тақдим этишга тайёр.
«Додо Пицца» пиццерияси эгаси Фёдор Овчинников пиццадан ташқари танқис маҳсулотлар: қадоқланган сув, санитайзер ва тиббиёт ниқоблари етказиб беришини маълум қилди. Пиццерия ҳозирда бу маҳсулотларни энг арзон нархларда етказиб берувчиларни изламоқда.
Тиббиёт ходимларига ёрдам
«Яндекс» тиббий ва ижтимоий хизматларга кўмак бериш лойиҳасини ишга туширмоқда. Компания шифокорларни элтиш, маҳсулотлар, дори-дармон, коронавирус тестлари етказиб беришни режалаштирмоқда. IT-гигант ҳамкорлари билан биргаликда «Яндекс.Такси» хизматига уланган минглаб машиналардан иборат паркни шакллантирмоқда. Ижтимоий муҳим буюртмаларни амалга оширадиган ҳайдовчилар учун «Яндекс» 250 млн рубль маблағ ажратади. Ҳайдовчилар мунтазам равишда тиббий текширувдан ўтказилади, автомобиллари эса дезинфекция қилинади. Лойиҳани Москва ва Қозонда амалга ошириш бошланди.















