COVID-19 пандемиясининг глобал таъсири дунёдаги фавқулодда тиббий-санитария доирасидан анча четга чиқиб кетди. Ҳозирда келажагимизнинг барча жабҳалари – иқтисодий, ижтимоий, тараққиёт соҳалари ва кўпгина бошқа йўналишлар жиддий хавф остига тушиб қолди. Биз бунга глобал даражада, тезкор ва мувофиқлашган равишда жавоб беришимиз шарт ва бунда ёрдамга муҳтож бўлган шахслар бундай ёрдамни зудлик билан олишларига имкон яратишимиз ўта муҳимдир.

 Иш жойларида, корхона ва ташкилотларда, мамлакатлар иқтисодиётлари ва жаҳон хўжалигида тўғри қарор қабул қилиш учун ҳукуматлар ва олдинги фронтдагилар, яъни ишчилар ва иш берувчилар орасида ижтимоий диалог ўрнатмоқ лозим. Яшаётган асримизнинг йигирманчи йиллари ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги воқеаларни такрорламаслиги керак.

ХМТ таҳлилларига кўра, дунё миқёсида 25 миллион нафаргача одамлар ишсиз қолиши, ишчилар даромадларидаги йўқотишлар эса 3,4 триллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Аммо ҳозирнинг ўзида шу нарса маълумки, келтирилган рақамлар кўриладиган зарар кўламини тўлақонли ифода эта олмайди.

Пандемия меҳнат бозорларимизнинг заиф жойларини аёвсиз очиб берди. Ҳам йирик, ҳам кичик корхоналар фаолияти тўхтаб қолди, иш вақти қисқарди, ходимлар ишдан бўшатилмоқда. Савдо марказлари ва ресторанларнинг ёпилиши, авиарейсларнинг ва меҳмонхона буюртмаларнинг бекор қилиниши, корхона ва ташкилотларда масофадан туриб ишлаш режимига ўтилиши кўпчиликни касод жарлиги ёқасига келтириб қўйди. Қолаверса, шундоқ ҳам барқарор ишга эга бўлмаган одамлар, яъни сотувчилар, официантлар, ошхона ходимлари, юк ортувчилар, фаррошлар каби ходимлар биринчилардан бўлиб ишдан бўшашига тўғри келмоқда.

Ҳар беш кишидан бир киши ишсизлик нафақасига эга бўлиш ҳуқуқида яшаётган дунёда миллионлаб кишилар учун ишдан бўшаш ҳалокатга тенг ҳолат. Барчамиз ҳозирда боғлиқ бўлиб турган одамлар, яъни ижтимоий ва курьерлик хизматларининг кўпчилик ходимлари касаллик таътилларини ола олмайдилар ва кўп ҳолларда, улар касал бўла туриб, ишлашни давом эттиришга мажбур бўлмоқдалар. Ривожланаётган мамлакатларда ишбай ишчилар, мардикорлар ва норасмий савдогарлар ҳам шу аҳволдалар, зеро улар ҳам оилаларини боқиши керак. Натижада эса ҳаммамиз жабр кўрамиз: бу нафақат вирус тарқалишини тезлаштиради, балки қашшоқлик ва тенгсизликни янада кучайтиради.

Бизда миллионлаб иш жойлари ва корхоналарни сақлаб қолишнинг имкони бор, лекин бунинг учун ҳукуматлар корхоналарнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлайдиган, ишдан бўшатишларни олдини оладиган ва заиф тоифадаги ходимларни ҳимоялай оладиган қатъий чораларни кўриши зарур бўлади. Шуни аниқ тушунишимиз керакки, улар бугун қабул қилаётган қарорлар узоқ муддатдаги жамият ва иқтисодиётнинг аҳволини белгилаб беради.

Ҳозирги вақтда давом этаётган кескин пасайиш узоққа чўзиладиган рецессияга айланиб кетмаслиги учун рағбатлантирувчи бюджет-молия ва кредит-пул сиёсатини юритиш муҳим аҳамият касб этади. Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг маблағи шу ҳафтанинг охиригача етиши, сўнгра яна кейинги ҳафта охиригача етиши ва ҳоказо. Бу ҳолат шу нарсани англатадики, миллионлаб одамлар учун даромад манбаи ҳисобланган корхона ва ташкилотлар бундай оғир вазиятда ҳам жон сақлаб қолиши ва имкон пайдо бўлиш билан ҳаммасини бошидан бошлашга тайёр бўлиши лозим.