Хитойнинг Уҳан провинциясида 2020 йил қиш ойларида коронавирус деган инфекция тарқала бошлади. Тез орада у бутун дунёни эгаллади. Қарабсизки, кичкина бир зарра худди дунёни остин-устин қилгандек. Барча авиақатновлар, темирйўллар, машиналар ҳаракати, савдо-сотиқ, боғлар, кинотеатрлар фаолияти тўхтади. Давлатлар ташқи дунёдан узилди. Ҳамма ота-она ўз фарзандларининг хавфсизлиги ҳақида қайғурмоқда…

Энди сизнинг орзуларингиз ҳақида
Юртимизда баҳор фасли ҳукм сурмоқда. Табиат уйғонган. Ҳаммаёқ яшилга бурканган. Қушлар сайраши-ю варраклар парвози одамга ўзгача кайфият бағишлаши турган гап. Қиш совуқ ҳавосидан зерикиб энди баҳорга чиққанимизда бу кичик зарра бизни ҳам четлаб ўтмади. Вирус бизгача етиб келди. У бизнинг орамизда. Хўш, бу кичик зарра бизнинг орзуларимизни амалга ошишига тўсқинлик қила оладими? Бир овоздан, қатъий – йўқ! Нега дейсизми? Сабаби оддий – орзуларимиз тирик. Aмалга оширишимиз учун ҳамма имконият бор.
Қиш фаслининг изғиринли кунларида барчамиз дилимизга тугиб қўйгандик. Баҳор келса, оилам билан тоғга чиқаман. Табиатнинг гўзаллигидан баҳра оламан. Фарзандларим, яқинларим, дўстларим билан мазза қилиб дам оламан.
Баҳор келса, анчадан буён режалаштириб қўйган саёҳатларимга чиқаман. Дунё кезаман. Турли давлатлар ва маданиятлар билан танишаман. Яқинларимга совға-саломлар олиб келаман.
Баҳор келса, тўйлар қиламан. Кўп йиллардан бери кўнглимга тугиб қўйган орзум ниҳоят ушалади. Ўғил уйлантираман, қиз чиқараман.
Ота-онамни ҳаж сафарига олиб боришни режалаштирганман. Ниҳоят уларнинг орзулари ушалиш арафасида.
Орзуларимиз энди амалга ошмайдими?

Бу саволга жавоб топишдан олдин ҳаёт сўзининг маъносига таъриф бермоқчиман. Ҳаёт нима ўзи? Ҳаёт – борлиқ, табиат, гўзаллик. Ва кураш ҳам. Ҳаёт бу – сабр. Бугун эса бу сўзга бошқачароқ таъриф бермоқчиман. Ҳаёт бу – тозалик, шахсий гигиена. Ҳа, у бугун ўз тусини ўзгартирди: ҳaёт – тозaлик ва шaхсий гигиенa.
«Aгар вирус кириб келмаганида, орзуларимни амалга оширар эдим», дейишга шошилманг. Улар албатта амалга ошади. Қандай дейсизми? Жуда оддий. Ҳаёт сўзининг бугунги кундаги маъносини англаб етсак бўлгани.

















