Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Фарғона, Наманган, Андижон, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида даволанаётган беморлар тўғрисида маълумот берди.
31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 158 ҳолат қайд этилган, шундан 7 киши тузалган, 2 киши вафот этган. Айни вақтда республикадаги шифохоналарда жами 149 бемор даволанмоқда. Шундан 84 нафари Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида қолмоқда. Вилоятларда эса жами 65 нафар бемор даволанишга ётқизилган.
Жумладан, Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволаниш учун ётқизилган. Фарғона ушбу кўрсаткич бўйича Тошкент шаҳридан кейинги ўринда туради.
Фарғонадаги беморларнинг 9 нафари фарғоналик, 4 нафари андижонлик, 1 нафари жиззахлик, 3 нафари самарқандлик, 7 нафари тошкентлик, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Касалликка чалинганларнинг 17 нафари шу йилнинг 25 март куни битта рейсда Туркиядан Фарғонага чартер рейсда келишган йуловчилар орасида аниқланган. Шу куниёқ улар стационар карантинга олиниб, касаллик тасдиқлангач ихтисослашган тиббиёт муассасасига ўтказилган.
Наманган вилоятида 15 ҳолатда ушбу инфекция аниқланган. Уларнинг 13 нафари 12-13 март кунлари Туркия сафарида бўлиб қайтган икки нафар коронавирус инфекцияси билан касалланган фуқародан вирус юқтириб олишган. Айни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда. Вилоятда аниқланган беморлардан бири вафот этган.
Андижон вилоятида 8 бемор бор ва уларнинг барчаси андижонликлар. Бу беморлар айни вақтда Хўжаобод тумани юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда. Бундан ташқари бошқа вилоятларда яна 6 нафар андижонлик бемор бор - 2 нафари Бухорода, 4 нафари Фарғонада вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.
Хоразм вилоятида 6 нафар бемор даволанмоқда, шундан бир нафари хоразмлик. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бундан ташқари, яна 5 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 2 нафари сурхондарёлик, 1 нафари бухоролик, 1 нафари қорақалпоғистонлик, 1 нафари эса фарғоналик ҳисобланади.
















