«Хориждан бир ой олдин қайтганларни карантинга олиш мумкин эмас» – Нурмат Отабеков
Ўзбекистонга бир ой олдин хориждан қайтган фуқароларни карантинга олиш мумкин эмас. Бу ҳақда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди.
«Бундай вазиятда, яъни фуқаро хориждан бир ой аввал келса-ю у фақатгина бугун ёки бир неча кун аввал карантинга олинган бўлса, бу нотўғри. Агар қайсидир одам коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик жиҳатдан нохуш вазият бўлган мамлакатдан қайтган бўлса, келган кунидан бошлаб 14 кунлик изоляцияга олинади. Агар у коронавирус инфекцияни юқтирган бемор билан мулоқотда бўлган бўлса, мулоқотда бўлган кунидан бошлаб 14 кун давомида карантинда сақланади. Агар мазкур шахс бир ой олдин хориждан қайтган бўлса, уни карантинга олиш мумкин эмас», дея Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, биринчи гуруҳ карантин учун жойлаштирилган ҳудуддагилар 14 кунлик муддатни ўтаб бўлмагунича уларнинг орасига янги одамлар қўшилмайди.
«Ўзбекистон Республикасида қўлланаётган амалиётга мувофиқ, бир гуруҳ аҳоли, дейлик, чартер рейсда олиб келинган бўлса, улар учун карантин муддати бир кунда бошланиб, бир кунда якунланади. Стационар шароитда шифохона, сиҳатгоҳ, оромгоҳ, профилакторий ва бошқа муассасаларда эпидемик нохуш ҳудудлардан уюшган ҳолда олиб келиниб, карантинга олинганлар орасига янги одамлар қўшилмайди. Бу карантин талабларини бузиш ҳисобланади.
Шундай экан, карантинда сақланаётганлар орасига янгилари қўшилаверса, энг аввал изоляцияга олинганларнинг карантин даври чўзилиб кетиши ҳақидаги хавотирларга ҳожат йўқ. Уюшган ҳолда олиб келинган аҳоли биргаликда карантин муддатини ўтаб, саломатлигига кафолат ҳосил қилгандан кейин уларга биргаликда жавоб берилади», дейди Отабеков.
Унинг қўшимча қилишича, 14 кунлик муддат якунланиб, одамларга жавоб берилгандан кейин улар карантинда сақланган муассасаларда дезинфекцион воситалар билан ишлов берилади, маълум вақт экспозиция қилингандан сўнг яхшилаб тозаланади ва шундан кейин бу ерга бошқа гуруҳ жойлаштирилиши мумкин бўлади.
Мавзуга оид
18:52 / 19.09.2024
Коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқланмади — ССВ
16:06 / 07.06.2024
"Саратон ва бошқа жиддий касалликлар боғчадаги сифатсиз таомланишдан келиб чиқмоқда" - мутахассис билан суҳбат
14:59 / 05.06.2024
“Болаларга чириган картошка едиришмоқда” – Нурмат Отабеков
18:11 / 13.12.2023