Бундай вазиятда бирор ижобий ҳолни кўриш қийин, аммо шунга қарамай, катта таҳдидга дучор бўлган одамзод ўз инсонийлигини намоён қилиш учун куч топа оляпти.

1. Оқ халат кийган одамларга миннатдорчилик қарсаклари

Дунёнинг барча мамлакатларида шифокорлар, ҳамширалар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа ходимлар коронавирусга қарши курашда энг олдинги сафларда турибди. Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, улар амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар туфайли вирус юқтирган кўплаб одамлар тузалиб чиқишмоқда.

Шундай таҳликали вақтда ўз жонини хавфга қўйиб, коронавирус билан касалланган беморларга ёрдам бераётган тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнатларига миннатдорчилик изҳор этиш учун учун турли мамлакатларда одамлар кечки пайт ўз уйи деразаси ёки балконидан туриб уларнинг шаънига якдил бўлиб қарсак чалишмоқда.

Тиббиёт ходимларини биргаликда олқишлаш коронавирус дастлаб тарқалган Хитойнинг Уҳан шаҳрида илк марта амалга оширилган эди. Бугун бу олқиш дунё бўйлаб янграмоқда — коронавирус Хитойдан ташқарига чиқиб, дунё бўйлаб тарқаб кетганидан буён тиббиёт ходимларини олқишлаш ҳам дунё бўйлаб трендга айланди.

2. Хитой карантинни юмшатяпти

Роман Пилипей / EPA / Scanpix / LETA

Хитой расмийларига кўра, ҳозир улар коронавирус тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлишган.

Хитойда вирусга чалинганлар даражаси тобора камроқ қайд этилмоқда, боз устига, уларнинг аксарияти касалликни хорижда юқтириб келганлар бўлмоқда. Хитойда вирус тарқалиши деярли тўхтаган. Шу туфайли расмийлар мамлакатда карантин чораларини босқичма-босқич енгиллаштирмоқда.

Пандемия бошланган Ҳубэй провинциясида жорий этилган кириб-чиқиш карантин чекловлари 25 март куни олиб ташланди. Коронавирус ўчоғи бўлган Уҳан шаҳридаги чекловларни 8 апрелдан енгиллаштириш режалаштирилган.

BBC’нинг Хитойдаги мухбири Стивен Макдонеллга кўра, энди Пекин аҳолиси том маънода кўксини тўлдириб чуқур нафас олиши мумкин. Албатта, Хитойда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас, аммо секин-аста чекловларни юмшатаётган ҳукумат яхши натижаларга умид қилмоқда.