Ўзбекистон | 13:11 / 03.04.2020
35968
2 дақиқада ўқилади

Беморлар сони карантинга олинганлар ҳисобига ортмоқда - Отабеков

Ҳозирда Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ киши стационар ва уй шароитида карантин муддатини ўтаяпти.

Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков нега карантин чекловлари кучайтирилаётганига қарамай мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони ошаётгани тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

«Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус касаллигига чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар, эпидемик  нохуш ҳудуддан олиб келинган фуқаролар, уларга тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳам карантинда бўлиб туришибди», дея маълумот берди Нурмат Отабеков.

У карантиндан асосий мақсад ҳам хавф ости гуруҳига мансуб аҳолидан касаллик борларини эрта аниқлаб олиш ва касаллик тарқалишига йўл қўймаслик ҳисобланишини қайд этиб ўтган.

«Профилактик тиббиётда карантин тадбирлари  касаллик ўчоғини аниқлаш, жиловлаш ва бартараф этиш учун қўлланади. Шунинг учун ҳам карантинга олинганлар орасидан касаллик чиқиш эҳтимоли бўлган ва биз бунга тайёр эдик», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда карантинга олинганларнинг 23 мингдан ортиғи стационар карантинда, 77 мингдан ортиғи уй шароитида карантин даврини ўтамоқда. Мамлакатда 29 мингдан ортиқ киши коронавирусни аниқлаш учун текширилган. Айни вақтга келиб 26 мингдан ортиқ киши карантиндан чиқарилган.
  • 2-3 апрель кунлари Ўзбекистонда яна 40 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди ва жами ҳолатлар сони 221тага етди. Айни вақтгача беморларнинг 25 нафари тузалган, 2 киши вафот этган. Беморларнинг 8 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Мавзуга оид