Президент Шавкат Мирзиёев 22 сентябр куни маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига бағишланган тақдимот билан танишди.

Тақдимотда соҳани ривожлантиришнинг навбатдаги босқичида илғор хорижий тажриба ва замонавий талаблар асосида 15 га яқин янги ҳуқуқий институтни жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Янги ёндашувлар, энг аввало, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклаш, давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини кучайтириш ҳамда маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган.

Ҳозирги тартибга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга фақат битта шаклда мурожаат қилиш имконига эга. Таклиф этилаётган ислоҳотлар натижасида эса фуқароларга ҳуқуқи бузилишидан олдин унинг ҳимоясини проактив тарзда таъминлаш учун шароит яратилади. Бунда судга мурожаат қилишнинг тўрт турдаги даъво шакли жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, судга мурожаат қилиш учун белгиланган амалдаги олти ойлик муддат қайта кўриб чиқилади. Фуқароларга давлат органи томонидан қонунбузилиш ҳолати содир этилганлигини тан олиш юзасидан судга муддатсиз мурожаат қилиш имкониятини яратиш таклиф этилди.

Амалда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжати билан фуқаронинг ҳуқуқи бузилган тақдирда бундай ҳужжат устидан маъмурий судга шикоят қилиш имконияти мавжуд эмас.

Энди фуқароларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ, давлат органлари томонидан шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Шундан келиб чиқиб, маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш, уларга фуқаролар ва тадбиркорларга таъсир чораларини қўллашда давлат органлари дискрецион ваколатлардан қонуний ва асосли фойдаланганини текшириш вазифасини юклаш назарда тутилмоқда.

Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган таъсирчан чоралар ҳам назарда тутилмоқда. Унга кўра, давлат органининг мансабдор шахсига суд қарорини ижро этмагани учун жарима қўлланилганидан кейин ҳам қарор такроран ижро этилмаса, суд қонуний чора кўриш учун прокурорга хабар беради.