Бугун кўпчиликнинг хаёлини мажҳул қилган фикрлар пандемиянинг ўзи, унинг кескин ва кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган, ҳукумат томонидан зудлик билан амалга оширилаётган қарорлар ҳақида эмас, кўпроқ бу ҳолатнинг ҳар бир оилага, иқтисодиётга, мамлакат равнақига қандай таъсир бўлиши ҳақида.

Албатта, бу жиддий саволларга жавоб беришдан аввал касаллик тарқалиши олдини олишга қаратилган амалий чоралар самараси ва касал бўлганларнинг тезда тузалиб кетишидан катта умид қилишимиз керак. Зеро, бу ютуқларга 2–3 ой мобайнида эришмасак, ҳукуматимиз ва халқимиз олдида янада кенгроқ ва оғирроқ масалалар кўндаланг бўлиши муқаррар.

Оилалар ҳақида

Барча учун тушунарлики, ҳар қандай инқироз турли оилаларга уларнинг ўртача даромади, сони ва «яхши кунларга» деб жамғарган маблағлари ҳажми, оила аъзоларининг соғлиги ва ниҳоят, иноқлигига қараб ўз таъсирини ўтказади.

Давлат статистика қўмитаси расмий сайтидаги маълумотларга кўра, 2018 йилда (бошқа янгироқ кўрсаткичлар берилмаган) аҳоли жон бошига даромад 8 млн 580 минг сўмни, ёки ойига 715 минг сўмни ташкил этди. Агар ўтган йиллардаги ўсиш тарзини 2019 йилга қўллаб, 30 фоизлик ўсишни асос деб олсак, аҳоли жон бошига даромад ойига тахминан 930 минг сўм бўлган. Бу даромадларнинг 71 фоизигина бирламчи даромад, яъни бевосита иш фаолияти билан боғлиқ, яъни маошлар ва иш ҳақи.

Жамғармаларга келсак. Марказий банкнинг 2019 йил 1 март ҳолатидаги ҳисоботига кўра, аҳолининг банклардаги жамғармаларининг умумий ҳажми 21,4 трлн сўмни ёки аҳоли жон бошига (34 млн киши ҳисобидан, чунки бундан аввалги кўрсаткичлар ҳам ана шу алфозда бериляпти) 630,5 минг сўмни ташкил этяпти.

Юридик шахсларнинг жамғармалари 69,3 трлн сўмни ташкил этган. Агар биз 60 фоиз ЯИМ кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) томонидан яратилишидан келиб чиқиб, ана шу жамғармаларнинг 60 фоизи КЎБга тегишли, деб тахмин қилсак ва ҳозирги инқирозда «хавфсизлик ёстиқчаси» сифатида биринчи навбатда қаралади десак, унда бу маблағларнинг аҳоли жон бошига 1 млн 223 минг сўмдан тўғри келишини кўрамиз.

Демак, оила аъзолари сонидан ва даромадлар нотекис тақсимланишидан абстракция қилинган ҳолда айтишимиз мумкинки, ҳар бир киши бошига 2 млн 783 минг сўм ойлик даромад потенциал жиҳатдан мавжуд. Албатта, қайсидир оилада бундан кўп, қайсисидадир бундан жуда кам. Лекин мавжуд статистика билан бошқа амалий рақамларни чиқара олмадик.

Лекин бу мавҳум даромад ҳажми ҳам турли шартларни тақозо қилади:

а) барча корхоналар ишлаб, узлуксиз даромад келтирганда;

б) аҳоли банклардан юқорида кўрсатилган жамғармаларни муаммосиз олиши мумкин бўлганда;