Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Айтиб ўтилганидек, пандемия оқибатлари оғир таъсир қиладиган ушбу корхоналар билан алоҳида ишлаш зарур. Молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналар раҳбарлари имтиёз олиш учун банк ва солиқ идораларида сарсон бўлиб юрмаслиги керак.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишига қўшимча 3,6 триллион сўм ажратилди. Бу маблағлар, энг аввало, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади. Хусусан, 152та лойиҳанинг муаммолари ҳал қилинса, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Видеоселектор йиғилишида экспорт масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Юкларни темир йўл орқали контейнерда ташиш, станцияларда рефрижератор секцияларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга мева-сабзавотлар, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, қурилиш материаллари экспорти бўйича ҳар бир корхона муаммосини тезкор ҳал қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

Аҳолини зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиздаги 358та деҳқон бозори ва улардаги «Элга хизмат» корхонасини жалб этиб, маҳаллаларда соддалаштирилган кўчма савдони йўлга қўйиш чоралари белгиланди.
Қолаверса, аҳоли ихтиёрида 4,5 миллионта томорқа хўжалиги бор. Шу кунларда улардан ҳам маҳсулот олина бошлайди. Бу одамларга қўшимча даромад, халқимизга ризқ-рўз манбаи. Шу боис томорқадан маҳсулотларни сотиб олувчиларга карантинга амал қилган ҳолда эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш бўйича кўрсатма берилди.
Маълумки, карантиннинг илк кунлариданоқ халқимиз жипслашиб, саховатпеша инсонлар ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва хавфсизлик қоидаларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш мақсадида хайр-эҳсонлар Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да жамланмоқда ҳамда колл-центрга келиб тушган мурожаатлар асосида маҳалла вакиллари ва кўнгиллилар гуруҳлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга тарқатилмоқда. Бунинг учун 20та «Дамас» автомашинаси ажратилиб, барча ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига шундай тартибни вилоят марказларида ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмасига тижорат банклари билан биргаликда бу йил ҳунармандчилик лойиҳалари учун ажратилган 50 миллион доллар кредит маблағларининг эгаларига тўлиқ етиб боришини таъминлаш вазифаси қўйилди.










