“Кеча мен умримда биринчи марта Савдо-саноат палатаси таклифига биноан Президент ўтказган видеоселекторда иштирок этдим ва ўша тадбирдаги кечинмаларимни ифода қилмоқчиман.

 Нималардан таъсирландим:

  • Президент ҳар бир бемор ҳақида кундалик хабар олади. Бир нечта беморда касаллик кечиши ҳолатлари ҳақида мукаммал ахборот бердилар.
  • Президент ҳар қандай моддий харажат эвазига бўлмасин, бу вабонинг тарқалиши олдини олиш, унга бошқа қурбон бермаслик ҳаракатида.
  • Касаллик олиб кетган икки қурбон ҳақида қайғуриб, уларнинг яқинларига ва қариндошларига таъзия билдирдилар.
  • Вазият қўлдан чиқиб кетса, унинг оқибатлари нақадар аянчли бўлишини ҳаммага эслатдилар. Бу масалани ҳал қилишда халқ онги, сабри, мустаҳкам интизоми ва масъулияти қуролимиз бўлиши кераклигини белгилаб бердилар.
  • Қисқача айтганда, ҳамма куч, маблағ, амаллар ва воситалар эпидемия тарқалиши билан курашишга бағишланиши керак.

Бу чоралар халқ учун, унинг соғлиғи, қолаверса, ҳаёти учун қилиняпти. Шунинг учун халқимиз ҳам бу масалага тафаккур ила, интизомли ва масъулиятли ёндашиши зарур бўлади. Табиийки, давлат бу борада қаттиққўл бўлишдан бошқа чораси йўқ. Буни ҳаммамиз тушунишимиз зарур.

Пандемия бошланганида юртбошимизнинг ҳар қанча моддий йўқотишлар эвазига бўлса ҳам бу касалликка битта ҳам қурбон бермаслик йўлини танлаганлари мени таъсирлантирган эди. Ўзи жуда бадавлат мамлакат бўлмасак-да, Президент ҳар қандай иқтисодий манфаатлардан ягона ватандошимиз ҳаётини юқори қўйишлари мени шу юрт фуқароси сифатида ҳам қувонтирди, ҳам фахрлантирди.

Негаки, жуда бой мамлакатлар раҳбарлари, жумладан, Италия, Испания туристларни чўчитиб юбормаслик учун, АҚШ капитал бозорларидаги ҳолат барқарорлигини бузмаслик учун узоқ муддат бундай журъат кўрсата олишмади. Буюк Британия ҳукумати эса, ҳаттоки қандайдир вақт, майли касал бўлсак бўламиз, иш тўхтамасин йўсинида ҳаракат қилиб, аҳвол мутлақо оғирлашгандагина карантин татбиқ қила бошлади.

Натижада, маълумки, бу мамлакатларда ҳозирда юзлаб, минглаб, ўн минглаб қурбонлар бериляпти, улар дунёда касаллик тарқалган мамлакатлар орасида етакчи ўринда туриб, Британияда ҳатто валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир ҳам шу дардга чалинган.

Мана эндигина аён бўляптики, бу касалликдан илк нишона пайдо бўлган заҳоти карантинга киргизиб, жон-жаҳд ила курашиш иқтисодий жиҳатдан ҳам аслида энг тўғри қадам бўлар экан.