Жаҳон | 13:02 / 05.04.2020
5858
1 дақиқада ўқилади

Австралияда коронавирусни аниқловчи қалбаки тестлар ушлаб қолинди

Австралия ички ишлар вазири Питер Даттон фуқароларни коронавирусни аниқловчи импорт қилинувчи қалбаки тестлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бундай тестлар одамлар ҳаётига ва жамоат саломатлигига жиддий хавф солади.

Фото: EPA

Бу ҳақда ААР ахборот агентлиги хабар берди.  

Охирги ҳафталарда Австралия чегара қўшинлари томонидан бундай қалбаки тест тўпламлари кўп миқдорда ушлаб қолинди. Вазир бундай тўпламларнинг одамлар томонидан қўлланиши тиббий ходимлар ишига путур етказишини айтган. “Ноаниқ натижалар одамларга тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишларига халақит қилиши мумкин”, деб айтган Даттон.

Сиднейдаги чегарачилар Австралияга Осиё давлатларининг биридан Сингапур орқали жўнатилган шундай 200 та қалбаки тестдан иборат партияни ушлаб қолишган. Қалбаки тестлар, шунингдек, Перт ва Мелбурнда ҳам аниқланган.

Австралия ички ишлар вазирининг айтишича, мамлакатда маъқулланган ягона тестлар лаборатория тестлари ёки шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатиш жойлари, жумладан шифохона ёки клиникаларда қўллайдиган тестлар ҳисобланади.    

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид