Сўнгги кунларда Россия бўйлаб вирус тарқалиши тезлашган, шу боис мамлакатда карантин чоралари кучайтирилди. Владимир Путин 2 апрель куни россияликларга иккинчи марта мурожат қилиб, мамлакатда хавфли вирус янада тарқалиб кетмаслиги учун чоралар кучайтирилишини маълум қилди.

  • Жумладан, Россия Федерациясида иш ҳақи тўланадиган таътил муддати 30 апрелгача узайтирилди. Агар эпидемиологик вазият яхшиланса, иш ҳақи тўланадиган таътил қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилиши ҳам мумкин;
  • Федерал давлат органлари, бюджетдан ташқари жамғармаларнинг давлат бошқарув органлари, Россия таркибидаги субъектларнинг давлат органлари ҳамда ОАВ белгиланган таътил пайтида узлуксиз ишлашини таъминлайдиган ходимлар сонини аниқлашлари керак;
  • Губернаторларга қўшимча ваколатлар берилади: ҳафта охирига қадар улар ҳудуд иқтисодиёти ва минтақадаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда профилактика чораларини белгилаши керак;
  • Мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайси ташкилотлар фаолиятини тўхтатиши ва қайси ташкилотларни кенгайтириш мумкинлигини минтақалар, яъни губернаторлар мустақил равишда ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлди;
  • Минтақалар ўз ҳудудида, минтақалараро юк ташиш билан шуғулланадиган транспорт воситалари бундан мустасно, фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус тартиб ўрнатиши лозим;
  • Тиббий муассасалар, дорихоналар, зарур буюмлар дўконлари, доимий ишлаши лозим бўлган, фавқулодда вазиятларда зарур ишларни амалга оширадиган, авария ҳолатида таъмирлаш ва бошқа ишларини бажарадиган ташкилотлар ҳамда банклар одатдагидай ишлашда давом этади;
  • Қўшимча чекловлар жорий қилиш ҳақидаги қарорларни минтақалар марказ билан мувофиқлаштирган ҳолда қабул қилади;
  • Минтақалардаги ишлар президентнинг ҳудудлардаги вакиллари томонидан мувофиқлаштирилади. Барча маълумотлар марказдаги махсус кенгашга юборилиши керак.

Путин мурожати вақида губернаторларнинг ваколатини оширилгач, улар ўз ҳудудида қатъий чоралар кўришни бошлаб юборди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республикадаги федерал аҳамиятга эга йўллар, шунингдек, 5 апрелдан бошлаб республикага ҳаво ва ер орқали кириб-чиқишни батамом ёпишга буйруқ берди. 5 апрелдан бошлаб Чеченистонга кирмоқчи бўлган автомашиналар, поезд ва самолётлар республика ҳудудига қўйилмайди ва ҳеч қандай изоҳсиз ортга қайтарилади. Албатта, бу тақиқ республикага озиқ-овқат олиб кираётган юк поездлари ва машиналарга тааллуқли бўлмайди. Чеченистонда расмий равишда 5 апрелдан йўлларни ёпиш эълон қилинган бўлса ҳам, аслида мартнинг охиридан бошлаб бу республикага транзит машиналар қўйилмаётган эди.