Махсус комиссия қарорига кўра 1 апрелдан жорий қилинган янги карантин тадбирлари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилди.

Эндиликда хайрия ёрдамлари марказлашган ҳолда амалга оширилмоқда.

Kun.uz мазкур янги тизим, хайрия қилувчилар ҳамда хайрияга муҳтож оилалар учун унинг ишлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида ушбу марказлашган хайрия ишлари учун бевосита жавобгар орган – Маҳалла ва оилани қўллаб–қувватлаш вазирлиги мутасаддиси билан суҳбат ташкил қилди.

Суҳбатдошимиз вазирнинг биринчи ўринбосари, кўп йиллар Ўзбекистонда хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаган Элмира Боситхонова.

«Хайрия акцияларини ўтказишда битта тизим йўқлиги кўриниб қолди»

Вазир ўринбосарига берган дастлабки саволимиз янги тизим бўйича хайрияга муҳтожлар рўйхати қандай шакллантирилаётгани борасида бўлди.

Тўғри, кўпчилик хайрияларни очиқ-ошкора қабул қилавериши мумкин, лекин шундай одамлар ҳам борки, улар кимдандир ёрдам сўрашга ийманади ва буни кимгадир кўрсатишни ҳам истамайди.

«Биз кўрдик, ҳамма давлат ўз билганича ва ўзи тушунганича пандемияга қарши курашмоқда ҳамда шу шароитда жабр кўраётганларга ёрдам бермоқда», – дея сўз бошлади Элмира Боситхонова.

Унинг айтишича, охирги ўрганишлар карантиннинг энг муҳим шарти – одамлар орасида мулоқотларни имкон қадар минимумга келтириш эканлигини кўрсатган. Аммо, карантин даврида маҳалла фаоллари, ҳокимият вакиллари ёки волонтёрлар томонидан муҳтож оилаларга ёрдам етказишда айнан мана шу қоидалар бузилиши энг кўп кузатилаётган камчилик ҳисобланади.

«Бу жараёнда битта тизим йўқлиги аниқ кўринмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат – хайрия маҳсулотлари олишда сиз айтганингиздек, қайсидир оила ўзи шижоат кўрсатган бўлса, яна айримлари четда қолаверган.

Мана нега хайрия тадбирларини тизимли ташкил қилиш зарурати кун тартибига чиқди.

Бу тизимнинг биринчи ўриндаги вазифаси ёрдамга муҳтож оилани аниқ топиш. Марказларга учта йўналишда ахборот келади.

Биринчи йўналиш – биз ташкил қилган колл-центр рақамлари – 1197 орқали.