Жаҳон | 11:31 / 07.04.2020
79581
2 дақиқада ўқилади

Силга қарши кенг қўлланувчи вакцинанинг коронавирусдан касалланишлар даражасига таъсири аниқланди

АҚШнинг Техас университети эпидемиологлари гуруҳи силдан эмлаш дастурлари амал қилувчи давлатларда бу дастур ўтказилмайдиган давлатларга нисбатан коронавирусдан касалланиш ҳолатлари 10 марта камроқлигини аниқлади.

Фото: Getty Images

Бу ҳақда эпидемиологлар олиб борган тадқиқотга таяниб The IrishTimes нашри хабар берди. 

Таҳлил давомида олимлар 178 та давлатда коронавирусдан ўлиш даражаси ва силдан БЦЖ (Bacillus Calmette-Guérin, Кальмет-Герен бацилласи)  вакцинацияси дастури мавжудлигини таққослашган.  

“15 кунда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари БЦЖдан эмлаш дастури амал қиладиган давлатларда бир миллион кишига 38 кишини, бу дастур мавжуд бўлмаган давлатларда эса бир миллион кишига 358 кишини ташкил қилган. Шунингдек, БЦЖ дастури мавжуд давлатларда ўлим даражаси бир миллион кишига 4,28 кишини ва бу дастур бўлмаган давлатларда 40 кишини ташкил қилган”, деб айтган олимлардан бири Пол Хегарти.

Таъкидланишича, тадқиқот кўп жиҳатдан статистик бўлиб, унинг натижасини талқин қилишни қийинлаштирувчи омиллар мавжуд бўлиши мумкинлиги сабабли бир қатор қўшимча шартларга эга бўлган. Хегартининг айтишича, хатолар эҳтимолини камайтириш учун мутахассислар давлатлар бўйича коронавирусдан касалланиш статистикасини кўриб чиқиб, уларни таққослашган.

“Биз бундай катта фарқни кўришни кутмагандик”, деб айтган олим.

Аввалроқ бошқа бир америкалик эпидемиологлар худди шу каби тадқиқот ўтказиб, турли давлатларда коронавирусдан ўлиш билан бу давлатларда силдан вакцина БЦЖ қанча вақтдан бери ва қанчалик кенг қўлланиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлашган. Бунда силдан эмлаш вирусга чалиниш даражасини камайтириши аниқланган. Олимларнинг фикрича, ўлим ва касалланиш ҳолатларининг камлиги бу эмдорини коронавирусга қарши курашдаги бош воситалардан бирига айлантириши мумкин.

Мавзуга оид