Албатта, Италиядаги вазият биз учун анча бегона ва фарқли кўриниши мумкин. Айнан шу туфайли, биз бу хатни таржима қилдик. Чунки, бу касаллик Хитойда авж ола бошлаганда, Италия ҳам бефарқ бўлгани ҳақида сўз боради. Яъни вазиятнинг жиддий эканини ҳозирдан ҳис қилсак, турли чақириқ ва тақиқларга жиддий ёндашсак, ўзимизни эмас, атрофимиздагиларни кўпроқ ўйлаб, халқ олдидаги масъулиятни ҳис қила олсак, пандемия юртимиз учун оғриқсиз кечади. Акс ҳолда, худо кўрсатмасин...

Хуллас, номани ўқинг ва сиз ҳам жамиятнинг бир бўлаги эканингизни ва ушбу жамиятни қутқарибгина, ўзингизни қутқариш мумкинлигини англанг. 

Салом, уйда ўтирган Италия!

Бугун юртимиз билан бўлаётган воқеалар мени жуда хавотирга солмоқда. Италия чекаётган бу дард, ҳар куни вафот этаётган жуда кўп инсонлар мен учун қанчалик даҳшатли ва оғриқли эканини сўзлар билан ифодалаб бера олмайман. Менинг бу мурожаатим азият чекаётган, айниқса, ушбу вирус туфайли ўз яқинларини йўқотган ватандошларимга бағишланади.

Шунингдек, тиббиёт ходимларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдиришим лозим. Улар иложи борича кўпроқ инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Айни пайтда улар мамлакат учун энг аҳамиятли бўлган қаҳрамонлардир.

Афсус, ҳақиқат шуки, ҳеч биримиз Супермен эмасмиз. Ҳеч ким, қайтараман, ҳеч ким вирус юқишидан кафолатланмаган. Шундай бўлса ҳам, Хитойда бу офат чиққан пайтларда, Италия учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деб ўйлагандим. Камида вирус бизни четлаб ўтишига ҳар биримиз ишонгандик, тўғрими?

Бошида вазиятнинг бу қадар жиддийлигини билмагандим. Бу шунчаки, гриппнинг бир тури сифатида қараганман. Нақадар адашганмиз-а?

Дастлаб, мамлакат ёпилди ва одамларга иложи борича уйда қолишлари кераклиги айтилди. Бу ерда, Хитойда, бир неча ҳафта олдин мен ҳам карантинга тушдим. Хитойликларда ноодатий пневмония билан курашиш тажрибаси бор экан, лекин Италия учун бундай фавқулодда вазият илгари содир бўлмаганди.

Лекин бугун, катта жангнинг энг марказида турар эканмиз, биз ҳаммамиз биргаликда курашишимиз керак. Шу маънодаки, ҳар биримиз ўзимизнинг энг яхши хислатларимизни юзага чиқаришимиз шарт.

Албатта, Италия ўзига яраша ажойиб мамлакат. Ажойиб қирғоқликлар, табиат билан уйқаш манзараларга тўла. Қулай иқлим бизга ташқарида жуда кўп вақтимизни ўтказиш имконини беради. Ўз урфларимиз, миллий таомларимиз бор. Италияда ҳаёт шу қадар яхшики, доим ўз қобиғимизга ўралиб яшашга ўрганиб қолганмиз. Одатда, ўзимизга боғлиқ муаммоларга аҳамият берамиз, ўз фаровонлигимиз йўлида бошқаларни ўйламаймиз. Айнан шу ерда миллат сифатида салоҳиятимизга путур етади.