Ўзбекистон | 13:18 / 08.04.2020
64810
2 дақиқада ўқилади

«Бизнинг орамизда ҳам коронавирусга чалинганлар бўлиши мумкин» — Нурмат Отабеков

Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков айни пайтда коронавирус аниқланаётган беморлар асосан карантинга олинганлар орасидан чиқаётгани ва бу яхши ҳолат эканини маълум қилди.

«Бизда биринчи бемор 15 март куни аниқланган бўлса, ҳозиргача касалланган шахсларнинг ҳам кимлар билан мулоқот қилганини, қаерларга борганини аниқлаяпмиз.

Битта инфекция юқтирган одамнинг ўзи 3-4 одам орқали ҳам касаллик тарқатиши мумкин. Бу худди занжирга ўхшайди. Шунинг учун биз ҳозир ҳам орамизда коронавирусдан касалланганлар бўлиши мумкинлигини рад этмаймиз.

Ва шу сабабли биз ҳар доим фуқаролардан касалликнинг бирор симптоми кузатилаётганда ёки эпидемик нохуш ҳудуддан келган фуқаро ёки касаллик аниқланган бирор киши билан мулоқот қилинганда, бу ҳақда тиббиёт ходимларига хабар беришни сўрамоқдамиз», дейди Отабеков АОКАда ўтказилган брифинг чоғида.

У ҳозирда энг асосий вазифа вирус аҳоли орасида кенг тарқалишига йўл қўймаслик ва уни эрта аниқлашдан иборат бўлиб тургани, шунинг учун ҳам касаллик юқтириш эҳтимоли бор барча одамлар карантинга олинаётганини қайд этиб ўтган.

«Касаллик карантинга олинганлар орасида аниқланмоқда. Бу омадли ҳолат ва ташкил қилинган тизим яхши ишлаётганидан дарак беради», дея қўшимча қилди Нурмат Отабеков.

Бош санитария инспектори об-ҳаво совиб кетишининг коронавирус тарқалишига таъсири ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Ҳақиқатан ҳам ҳаво совуқ бўлса, айниқса -2 даражадан +10 даражагача ҳаво ҳароратида коронавирус қўзғатувчиси анча муддат яшай олади. Унинг ташқи муҳитда бўлиш вақти узаяди. Лекин агар биз уйимизда қолсак, кўчага чиқмасак, мулоқотларга йўл қўймасак, мулоқот бўлганида ҳам масофани сақлайдиган бўлсак, республикамиздаги эпидемологик вазиятга ҳозирги кундаги об-ҳаво таъсир қилмаслиги мумкин», дейди у.

  • Айни вақтда Ўзбекистонда 88 695 киши карантин шароитида сақланаётгани хабар қилинганди, улардан 67 мингдан ортиғи уй шароитида карантин кузатувида, 21 мингдан ортиқ киши мамлакатнинг турли нуқталаридаги махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларида стационар шароитда бўлиб турибди.

 

Мавзуга оид