Ўзбекистон | 10:00 / 11.04.2020
24091
2 дақиқада ўқилади

Давлат ҳам чегирма бера оладими?

Бугунги кунда иқтисодий фаоллик пасайиши, аҳоли даромадлари камайиши кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Вазият муаммолар занжирини ҳосил қилиши, айрим соҳаларда масала ечими иллатли доирага тушиб қолиши эҳтимоли катта.

Фото: Pinterest

Сўнгги маълумотларга кўра, коммунал тизимда жиддий муаммолар юзага келмоқда. Йўқ, бу соҳада хизмат кўрсатиш олдингидек даражада сақланиб қолган, лекин танганинг иккинчи томони бўлган йиғимлар масаласида вазият мураккаблашиб бораётгани маълум бўлиб улгурган.

Жумладан, карантин чоралари эълон қилинганидан буён биргина ичимлик суви истеъмоли учун тўловлар 2,6 баробарга тушиб кетган. Карантин бошлангунча истеъмолчилардан бир кунда ўртача 4,5 млрд сўм тўловлар қилинган бўлса, энди бу кўрсаткич 1,7 млрд сўмга тушиб қолгани ҳақида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги расман маълумот берган.

МИБнинг ундирув кўрсаткичлари ҳам ҳавас қиларли эмаслиги аниқ. Катта эҳтимол билан яқин вақт ичида вазият янада оғирлашишда давом этади.

Шундай пайтда бир таклифни ўйлаб кўриш фурсати етмадимикан.

Балки ҳукумат коммунал тўловлар бўйича чегирмалар қилиши керакдир. Масалан, 1 млн сўм қарздорларга юмшоқлик билан агар яқин бир ҳафта ёки бир ой ичида қарз тўланса, 20 фоиз, яъни 200 минг сўм чегирма берилиши эълон қилинса, ундирувлар самаралироқ бўлмайдими?

Катта эҳтимол билан ўша 1 млн сўм қарздор бўлган истеъмолчи бу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилади. Чунки бу синаб бўлинган – йўл қоидалари бузилиши учун жарималарни («ГАИ штрафлари»ни) бир эслайлик. Ҳайдовчиларнинг мутлақ кўпчилиги чегирма муддатида жаримани тўлаш ва тежаб қолиш пайида бўлади.

Қолаверса, коммунал соҳа ва умуман иқтисодиёт учун қачон униши мавҳум бўлган 1 млн сўмдан кўра айни пайтдаги нақд 800 минг сўм каттароқ фойда бўлиши мумкин. Энг муҳими, истеъмолчи бундан ҳеч нарса ютқазмайди, фақат ютиш имконияти берилади холос.

Аброр Зоҳидов

 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид