Fitch Ratings`нинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган глобал инқироз шароитларида Ўзбекистон рейтингининг сақлаб қолинишига асосий омиллар мамлакатда мустаҳкам ташқи ва фискал захираларнинг мавжудлиги, диверсификацияланган товарлар экспорти базаси ҳамда ташқи молиявий манбалардан фойдаланиш имкониятлари ҳисобланади, дея изоҳ берди Ўзбекистон Молия вазирлиги.

«Агентлик фикрига кўра, мазкур омиллар Ўзбекистоннинг глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чораларни молиялаштириш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда жорий операциялар ҳисоби дефицитининг юқорилиги ва давлат қарзининг ошиши билан боғлиқ қисқа муддатли хатарларни юмшатишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, «Fitch Ratings» президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчилигида 2017 йилда бошланган ислоҳотлар, жумладан макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш истиқболларини яхшилаш, иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш ҳамда институционал ва бошқарув соҳаларидаги заиф томонларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилади деб ҳисоблайди.

Гарчи жорий йилда Fitch Ratings томонидан иқтисодий ўсиш прогнози 2 фоизга туширилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг инқирозга қарши кураш чоралари, инвестиция лойиҳаларининг давомий молиялаштирилиши ҳамда асосий савдо ҳамкорларининг тикланиши келгуси йилда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини (2021 йил учун прогноз 6,8 фоиз) таъминлаши алоҳида таъкидланди.

COVID-19  пандемиясига қарши курашиш, аҳоли бандлиги, ижтимоий тўловларнинг амалга оширилиши, иқтисодий ва инвестициявий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши кураш жамғармасининг (1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида) ташкил этилгани ҳамда Ҳукумат томонидан мақсадли ва вақтинчалик солиқ имтиёзлари, тегишли секторларнинг кредит тўловларини кечиктириш имтиёзларининг (3 млрд. АҚШ доллари ҳажмида) тақдим этилиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, агентлик томонидан давлат ташқи қарзини жалб этишнинг йиллик юқори чегарасининг жорий этилгани ва Ҳукуматнинг давлат қарзининг (Ҳукумат номидан ва унинг кафолати остидаги қарз) максимал миқдорини ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 50 фоиз этиб белгилаш бўйича режаларининг давлат қарзининг ўсишини камайтиришга қаратилгани қайд этилди.