Иқтисодиёт | 11:27
1465
4 дақиқада ўқилади

Кредит рейтингларининг яхшиланиши Ўзбекистонга нима беради?

Июн ойининг бошида Fitch халқаро агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтинги бўйича прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди ва рейтингни “BB” даражасида тасдиқлади. Ўтган йилнинг охирида Moody’s va S&P ҳам мамлакатнинг узоқ муддатли кредит рейтингига ижобий ўзгартиришлар киритганди. Ўз-ўзидан савол туғилиши мумкин, бу мамлакатга нима беради?

Кредит рейтинги деганда давлат ёки компаниянинг қарз олиш қобилияти ҳамда олинган қарзни ўз вақтида қайтариш эҳтимолининг баҳоси тушунилади. Дунёнинг энг йирик уч рейтинг агентлиги – Fitch, Moody’s va S&P мамлакатларнинг молиявий ишончлилигини ҳарфлар комбинациясидан иборат шкала орқали баҳолайди. Узоқ муддатли кредит рейтинглари яхшиланиши бир қатор омиллар сабабли муҳим ҳисобланади.

Биринчидан, халқаро молия бозорларида қарз олиш енгиллашади. Юқори рейтинг – инвесторлар ва кредиторлар назарида камроқ хавфни англатади. Демак, ҳукумат ёки ўзбек корхоналари ташқи бозорлардан қарз олганда фоиз ставкалари пасайиши мумкин, чунки инвесторлардан талаб қилинадиган таваккалчилик мукофоти камаяди. Бу эса ўз навбатида давлат учун ҳам, хусусий сектор учун ҳам молиявий харажатларни камайтиради. Масалан, ҳукумат янги инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ёки эски қарзларни қайта молиялаштиришда энди пастроқ фоизли қарз олиши мумкин – бу бюджет маблағларини тежайди ёки бошқа зарур соҳаларга йўналтиришга имкон яратади. 

Иккинчидан, рейтингнинг ошиши хорижий инвесторлар ишончи ортишига хизмат қилади. Рейтинг агентликларининг ижобий баҳоси халқаро бизнес ҳамжамиятига Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ва ишончли эканлиги ҳақида сигнал беради. Натижада, мамлакатга тўғридан-тўғри инвестициялар оқими кўпайиши мумкин. Юқори рейтингли давлатлар кўпинча кўпроқ инвесторларни жалб қилади, чунки хорижий компаниялар бундай мамлакатларда лойиҳалар бошлаш ёки ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштиришда ўзларини хотиржамроқ ҳис қилади. Ўзбекистонга кўпроқ сармоя кирса, янги корхоналар очилади, технологиялар кириб келади ва қўшимча иш ўринлари яратилади. Бу бевосита аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир этади.

Учинчидан, бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг халқаро молиявий имижини яхшилайди. Яхши рейтинг – бу давлатнинг глобал майдондаги молиявий обрўйини кўрсатувчи индикатор. Кўплаб халқаро молия институтлари фақат маълум бир рейтингдан юқори бўлган давлатларнинг облигацияларига ёки лойиҳаларига сармоя киритади. Рейтинг кўтарилгани сари, Ўзбекистон бундай инвестицион фондлар ва институтлар учун ҳам кўриб чиқилиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига кириб боради. Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб боришда ҳам мамлакатнинг рейтинги муҳим аҳамиятга эга. Юқори рейтинг молиявий интизом ва ислоҳотларнинг тан олиниши белгиси сифатида кўрилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кредит рейтингининг ошиши оддий ўзбекистонликлар ҳаётида бирданига сезиларли ўзгариш ясамайди, балки узоқ муддатли истиқболда имкониятлар яратади. Масалан, рейтинг яхшилангани билан эртаси куниёқ нархлар тушиб кетмайди ёки иш ҳақлари ошмайди. Бироқ бу баҳолар ортидаги молиявий барқарорлик иқтисодиётга босқичма-босқич ижобий таъсир кўрсатади. Давлат молиясининг мустаҳкамлиги ва инвесторлар ишончининг ортиши макроиқтисодий барқарорликни кучайтиради: инфляция босимини пасайтиришга ёрдам беради, миллий валютанинг барқарорроқ бўлишига кўмаклашади ва иқтисодий инқирозларга чидамлиликни оширади. Якунда эса бу омиллар аҳоли фаровонлигининг ошиши учун шароит яратади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид