Ташкилот фактларни яширганмиди?
Трамп халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотини Covid-19 тарқалаётгани ҳақида «вақтида бонг урмаганликда» айблаб, кўп марта танқид қилди. Бундан ташқари, Трампнинг айтишича, ташкилот янги коронавирус тарқалиши ҳақида маълумотларни яширган. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?

2019 йил 31 декабрь куни ЖССТнинг Хитойдаги бўлимига мамлакатнинг Уҳан шаҳрида номаълум янгича пневмониядан одамлар оғрий бошлагани хабар қилинган. Ўша куннинг ўзида бу хабар ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳига етказилади. Хабар келиши билан ЖССТ тезкор гуруҳ тузиб, текширув бошлайди. Уч кундан кейин, яъни 2020 йил 2 январь куни номаълум касаллик ҳақида эълон қилинади. 10 январь куни ЖССТ барча мамлакатлар учун янги вирусга қарши кураш учун тавсиялар эълон қилади.
Аммо ўша вақтда ташкилотда бу вирус одамдан одамга ўтиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Шунингдек, халқаро экспертларда ҳам касаллик ташувчиси одамлиги ҳақида факт мавжуд эмасди. Бир неча кун ўтиб Уҳанда шифокорлар ҳам бу номаълум вирусни юқтиргани аниқ бўлди. Шунингдек, Таиландда ҳам янги касалликка чалинган одам қайд этилди. Бу ҳақда ЖССТ эпидемиологи Мария Ван Керкхове ўша вақтнинг ўзида маълум қилган. Айнан шу вақтда вирус одамдан одамга юқиши маълум бўлганди.
Трамп танқид қилаётган ЖССТ бир ой Уҳандаги беморларни текшириш имконига эга бўла олмайди. 28 январь куни ташкилот раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус Хитойга бориб, мамлакат раҳбари Си Цзинпин билан учрашади. У Хитой етакчисидан Уҳанга халқаро экспертлар гуруҳини киритишни сўрайди. Хитой 16 февралдагина бунга рухсат берди.
ЖССТ раҳбари Хитойга борганида мамлакатнинг вирусга қарши самарали курашаётганини таъкидлаб, ҳукумат раҳбарларини мақтайди. У Хитойда вирус тарқалишининг олдини олиш учун мукаммал тизим ишлаб чиқилганини пафос билан гапиргани кўпчиликнинг танқидида сабаб бўлади.
Ғарб экспертлари ва сиёсатчилар ўша вақтда Хитой ЖССТга, бу орқали эса дунёга тўғри маълумот берганига шубҳа билдиришмоқда. Уларнинг тадқиқотлари Хитой тақдим этган статистикаларда номувофиқлик борлигини кўрсатади. Шунингдек, Уҳан раҳбарияти маълумотларни доимий яшириб боргани айтилади.
Хитой бутун мамлакатда 82 мингдан кўпроқ одам вирус юқтириб, вафот этганлар сони 3 342 нафар эканини айтаётган бир вақтда тартиб-интизом ва тиббиёт жуда кучли бўлган Германияда касалланганлар сони 137 мингдан ошгани, 4 мингдан ортиқ германиялик оламдан ўтгани Ғарбдаги экспертларни ажаблантирмоқда. АҚШда эса кўрсаткичлар даҳшатли кўриниш олган: 678 мингдан ортиқ киши вирус юқтирди, 35 мингга яқин киши ҳалок бўлди.











