Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилояти Олот туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Олот туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади:

2020-2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманида камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар;

2020-2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

2020-2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманида ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш параметрлари;

2020-2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманида йўл-коммуникация тизими ва ижтимоий соҳани яхшилаш бўйича чора-тадбирлар;

Дастурни амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва тизимли назорат қилинишини таъминлаш бўйича Республика комиссияси таркиби.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Республика касаба уюшмалари Федерацияси, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

тумандаги яшаш шароити оғир бўлган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида собиқ ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган 4 қаватли ётоқхона биносини 60 та (34 та 2 хонали, 26 та 1 хонали) хонадонга мўлжалланган турар жойга мослаштириб қайта қуриш учун туман ҳокимлиги балансига ўтказиш чораларини кўради;

тумандаги 5-сон умумий ўрта таълим мактабининг собиқ биноси негизида 120 ўринли болалар дам олиш оромгоҳини ташкил этиш бўйича таклифлар киритади.

Қурилиш вазирлиги Молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда туман аҳолисига қулайликлар яратиш мақсадида Истироҳат боғи, Маданият маркази, Давлат хизматлари маркази, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази ва “Деҳқон бозори”ни қуриш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги умумтаълим мактабларда 11 йиллик таълим тизими жорий этилганлигини инобатга олиб, тумандаги Бухоро муҳандислик технология институти балансида бўлган собиқ Олот саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотларини туман халқ таълими бўлими балансига ўтказиб бериш ва ушбу бинога 31-сон давлат умумтаълим мактаб-интернатини жойлаштириш чораларини кўради.